Трамп АҚШ Таълим вазирлигини ёпишга қаратилган фармонни имзолайди

АҚШ президенти Доналд Трамп узоқ кутилган ижро этувчи фармонни имзолаши кутилмоқда. Ушбу фармон мамлакат Таълим вазирлигини ёпишга қаратилган бўлиб, бу унинг сайловолди кампаниясидаги асосий ваъдаларидан бири ҳисобланади. Фармон матни билан танишган «Reuters» агентлигининг хабар беришича, ушбу қарор демократлар томонидан кескин норозилик билан кутиб олинган.
Трампнинг фармони ҳали имзоланмаган бўлсада, бир гуруҳ демократ штатлар бош прокурорлари ушбу қарорни бекор қилиш ва Таълим вазирлигини ёпиш бўйича режалаштирилган иш ўринлар қисқаришини тўхтатиш учун судга мурожаат қилишди. Шу билан бирга, АҚШдаги энг йирик фуқаролик ҳуқуқлари ташкилотларидан бири бўлган NAACP (Ривожланган рангли фуқаролар миллий ассоциацияси) ушбу фармонни конституцияга зид деб атади.
NAACP президенти Деррик Жонсоннинг сўзларига кўра, бу фармон минглаб америкалик болалар, айниқса, қашшоқ ва қишлоқ жойларда яшовчи ўқувчилар учун жиддий зарба бўлади. «Бу кун – сифатли таълим учун федерал маблағга таянадиган миллионлаб америкалик болалар учун қора кун», — деди у.
Трамп ва унинг маслаҳатчиси, миллиардер Илон Маск илгари ҳам АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги каби давлат муассасаларини Конгресс розилигисиз ёпишга ҳаракат қилишган. Шунга қарамасдан, Таълим вазирлигини ёпиш Трампнинг илк бор вазирлик даражасидаги агентликни тугатиш ташаббуси бўлиб, бу катта сиёсий баҳсга сабаб бўлиши мумкин.
Трампнинг бу режасини амалга ошириш осон бўлмайди. Чунки Конгресс розилигисиз вазирликни ёпиш қонунан имконсиз. Республикачилар Сенатда 53-47 овоз устунлигига эга бўлсада, йирик қонун лойиҳаларини, жумладан, вазирликни ёпиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш учун камида 60 та овоз талаб қилинади. Бу эса етти нафар демократ сенаторнинг қўллаб-қувватлашини талаб этади. Ҳозирча демократлар бундай ташаббусни ёқлаш белгиларини кўрсатишмаган.
Трамп бир неча бор Таълим вазирлигини «йирик алдов» деб атаган ва уни президентлигининг илк муддатида ёпишга уринган эди. Шунга қарамасдан, Конгресс бу таклифни қўллаб-қувватламаган.
Доналд Трамп ва унинг тарафдорлари Таълим вазирлигини бюрократик ҳамда самарасиз деб ҳисоблаб, таълимни штатлар даражасида тўлиқ мустақил қилишни таклиф қилмоқда. Унга кўра, федерал ҳукумат таълимга камроқ аралашиши керак, молиявий маблағлар эса тўғридан-тўғри штатлар ёки ўқув муассасаларига берилиши лозим.
АҚШ Таълим вазирлиги давлат томонидан тўғридан-тўғри бошқариладиган асосий таълим муассасаси эмас, балки таълим сиёсатини шакллантирувчи федерал идора ҳисобланади. Унинг вазифаси молиявий ёрдам ажратиш, таълим сифатини назорат қилиш ва тенгликни таъминлашдан иборат.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг