Навоийдан баҳра олган Ғарб

Алишер Навоий нафақат ўзбек, балки барча туркий халқларнинг фахру ифтихорига айланган буюк мутафаккирдир. Шу пайтга қадар турк дунёсида унингчалик катта ва сермазмун меросга эга бўлган шоирни учратиш қийин. Алишер Навоий нафақат шоир ва мутафаккир, балки йирик давлат ва жамоат арбоби ҳам эди.
У ҳақли равишда ўзига қадар туркий тилда ҳеч ким бу қадар юксак чўққиларга чиқа олмаганини намойиш этди. “Ғаройибус-сиғар”дан ўрин олган бир маснавийда ўқиймиз:
Мен улменки, то турк бедодидур,
Бу тил бирла то назм бунёдидур,
Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби даҳр аро қодире.
Ҳазрат Алишер Навоий мероси даставвал туркий ва форсий адабиёт дунёсида кенг ёйилди. Темурийлар, шайбонийлар, сафавийлар, усмонийлар, бобурийлар ва бошқа сулолалар даврида унинг асарлари қайта-қайта котиблар томонидан кўчирилди.
Европага шоир ижоди унинг ўлимидан ярим аср ўтиб кириб борган дейилса, хато бўлмайди. 1557 йилда Венецияда Майкл Трамеззино томонидан итальян тилида нашр этилган асар муқаддимасида “Уч Сарандип шаҳзодасининг саргузаштлари” муаллифи мазкур асардаги воқеани табризлик Христофор Армани исмли кишидан эшитганини эслатиб ўтади. Христофор Армани бу сюжетнинг бир қисмини Алишер Навоийнинг “Хамса”сига кирувчи “Сабъаи сайёр” достонидан олган. Ушбу асар 1766 йилгача Европада 11 марта қайта-қайта нашр этилган.
Китобнинг биринчи қисмида Сарандип шоҳининг уч ўғли саёҳатга отлангани ва кўп саргузаштларни бошдан кечирганлари ҳақида ҳикоя қилинади. Шаҳзодалар бир мамлакатга боришганда ўғриликда гумон қилиниб, мамлакат шоҳи Баҳром Гўрнинг ҳузурига олиб келинади ва ақл-заковатлари туфайли подшоҳнинг ишончини қозонадилар. Улар Баҳром Гўрни ўлдиришни ният қилган вазирдан халос бўлишига сабаб бўлишади. Асарнинг иккинчи қисмида Баҳром шаҳзодаларни ўз хизматига олади. У ўз севгилиси Дилоромни ҳайдаб юборган ва унинг фироқида изтироб чекиб, хасталаниб қолган эди. Табиблар уни даволашда ожиз қолади. Шунда шаҳзодаларнинг маслаҳати билан Баҳром етти қаср қуриб, турли мамлакатлардан келган мусофирларнинг ҳикояларини тинглайди. Еттинчи тунда Дилором ҳақида хабар топади.
“Уч Сарандип шаҳзодасининг саргузаштлари” кейинчалик Европа адабиётида бир қанча янги асарлар юзага келишига сабабчи бўлди. Масалан, Вольтернинг “Задиг ёки тақдир” қиссасидаги воқеалар ҳам “Уч Сарандип шаҳзодасининг саргузаштлари”га ўхшаб кетади. Задигнинг донолиги, ҳозиржавоблиги, тадбиркорлиги “Сабъаи сайёр” ҳикояларидан биридаги заргар йигит Зайдни эслатади. Зайд ҳам, Задиг ҳам ўзлари яшаган мамлакат подшоҳининг ишончини қозониб, саройда катта мавқега эга бўлишади. Сарой аъёнларининг фитнаси сабаб иккови ҳам мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлади. Ҳар икки қаҳрамон ўзга юртларда турли қийинчиликларни бошдан кечиради. Руҳонийларнинг ҳийлаларига дучор бўлади. Асар охирида улар ўз ватанларига қайтиб, яна саройдаги юқори лавозимларни эгаллашади.
Машҳур инглиз адиби Уильям Шекспир “Уч Сарандип шаҳзодасининг саргузаштлари” асарини ўқиган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки, “Ҳамлет” трагедиясидаги воқеалар, Баҳром Гўрга нисбатан уюштирилган суиқасд, Ҳамлетнинг сарандиплик шаҳзодалар сингари ақл-заковати ўша асар воқеаларини эслатади.
Шекспирнинг “Ҳамлет” пьесасида шаҳзоданинг гўрковлар билан учрашуви кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. У гўрков улоқтирган бош суягини олиб, у қайсидир сиёсатчи ёки амалдорнинг боши бўлгани, энди бошқалар қўлида ўйинчоқ бўлаётганидан таассуф чекади.
Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида ҳам худди шундай саҳна бор. Искандар бир юртни фатҳ этгач, бу мулкка шу ерлик бошқа бир инсофли, ақлли, адолатли инсонни подшоҳ этиб тайинламоқчи бўлади. Унинг талабларига мос келадиган бир дарвешсифат одамни топиб келишади. У қўлига иккита суякни олиб келганди. “Бу суяклардан бири гадоники, иккинчиси шоҳники, аммо уларни бир-биридан фарқ қилолмай турибман”, дейди. Дарвиш бу билан ҳаётнинг ўткинчи экани, инсон ўлиб тупроққа айланганидан сўнг, унинг қайси мақомда бўлгани ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслигини таъкидлайди:
Чу ўлганда бирдур бу ики матоъ,
Тирикликда невчун қилурлар низоъ.
Мутафаккир бобомиз асарларида илгари сурилган Қоялар, ҳикматли сўзлар, сюжетларнинг Европа адабиётининг машҳур адиблари ижодида ҳам учраши тасодиф эмасдек. Испан адиби Мигель Сервантеснинг ўлмас “Дон Кихот” романи рицарлик романларига пародия тариқасида дунёга келган. Бу асар турли афоризмларга, ҳикматларга тўла. Асарнинг иккинчи қисмида Санчо Пансо дўсти Дон Кихотга шундай дейди: “Ҳаёт худди шахмат тахтасига ўхшайди: ўйин тугаши билан шоҳ ҳам, пиёда ҳам битта қутига тушади”. Бу фикрни Сервантес қаердан олган бўлиши мумкинлигини айтиш қийин. Аммо Алишер Навоий бу фикрни Сервантесдан аввалроқ айтгани айни ҳақиқат.
“Лисон ут-тайр” достонида шахмат усталари ҳақида битта ривоят келтирилади. Унга кўра ҳар икки шахматчи арсага сипоҳларни жойлаб чиқишади. Шахматда ҳар бир сипоҳ ўз позициясига, ўз юриш услубига эга. Унда шоҳ ўз ўрнида, пиёдалар ўз ўрнида туради. Оддий пиёдадан то фарзингача шоҳни ҳимоя қилиб, рақиб шоҳини мот қилиш учун курашади. Аммо ўйин тугаши билан ҳар икки устод шахмат доналарини битта халтага солишади. Энди арса устидаги тартиб, низом бузилади. Халтада шоҳ пиёданинг тагига тушиб қолади.
Чун харита ичра боғланди бари,
Шоҳ қуйидур ё пиёда юққори.
Албатта, буюклар турли замон ва маконларда туриб, бир хил фикр юритиши, бирор масала бўйича умумий хулоса чиқариши ҳам мумкин. Бундай ҳодиса битта мутафаккир ва бошқа буюк салафлар ижодида такрорланаверса-чи?
Француз уйғониш даврининг буюк вакили, файласуф Франсуа де Ларошфуконинг (1613 — 1680) ҳикматлари икки ярим асрдан бери ўқувчиларни мушоҳадага ундаб келади. Мана унинг бир мантиқий фикри: “Биз ўзимиз асраёлмаган сирларимизни қандай қилиб бировлардан сир тутишни талаб қилишимиз мумкин?”. Ларошфукога қадар бу “қанотли ибора” айтиб бўлинган эди.
Фош қилманг роз, чунким асраёлмай қилдингиз,
Ўзгалардин асрамоқ бори таманно қилмангиз.
Бу байтни улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий Ларошфукодан анча аввалроқ айтган.
Буюк немис шоири Иоганн Вольфганг Гёте ўз асарларида Шарқ адабиётидан унумли фойдаланган. Унинг “Ғарбу Шарқ девони”да Шарққа, унинг тарихи, фалсафаси ва адабиётига ошуфталик яққол сезилади. Гёте ва Навоийни боғловчи жиҳатлар кўп. Ҳар икки улуғ мутафаккир Ҳофиз Шерозий ижодидан илҳомланган, унинг ғазалларига татаббуълар битишган. Гётенинг Фауст, Вертер, Маргарита, Шарлотта сингари бадиий образларида Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” асарлари қаҳрамонларига хос уйғунликни кўрамиз. Гёте ва Навоийнинг дидактик шеърларида ҳам ана шундай вобасталикни сезиш мумкин.
Хоҳи севу, хоҳи ҳазар қил,
Бировларга етказма озор.
Бошқаларга теккизмасанг тил,
Билки, элда сенинг ўрнинг бор.
Бу мисралар нимаси биландир буюк аждодимизнинг машҳур бир рубоийсини ёдга солади:
Ҳар кимки чучук сўз элга изҳор айлар,
Ҳар нечаки ағёр дурур, ёр айлар,
Сўз қаттиғи эл кўнглиға озор айлар,
Юмшоғи кўнгулларни гирифтор айлар.
“Хамса” асари таркибига кирган “Сабъаи сайёр” достони асосида XVII асрда грузин шоири Нодар Цициашвили “Барамгуриани” асарини яратган. Алишер Навоийнинг ушбу достонини Низомий ва Хусрав Деҳлавийники билан қиёсий ўрганиб чиққан шоир ўз асари муқаддимасида ёзади:
“Ақл бовар қилмайдиган ушбу афсона форсча эди. У ҳақда доноларнинг доноси Низомий Ганжавий ёзди. Унга тили бой хоқон соҳиби Хусрав Деҳлавий татаббуъ қилди. Хусрав ўздими ёки Низомийми, бизга буниси номаълум. Лекин Навоий бу афсонани чиғатой тилида баён қилди. У каби шеър санъаткорини ким яна кўз олдига келтира олади?”
Умуман, XVI асрнинг охирларидан XVII асрнинг бошларигача Алишер Навоий асарлари итальян тилида 4 марта, немис тилида 5 марта чоп этилган. Франция, Германия, Буюк Британия, Венгрия ва бошқа мамлакатларда юз йиллардан бери буюк шоир асарлари ўрганилиб, қайта-қайта нашр қилинаётгани авлодларимизга фахру ғурур бағишлайди.
Рустам ЖАББОРОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг