Янги Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори

09:43 16 Июнь 2025 Жамият
177 0

Тараққиётни мақсад қилган ҳар қандай давлат, аввало, таълим, илм-фанни ривожлантиради, кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратади. Чунки кўзда тутилган ҳар қандай ислоҳотни малакали мутахассислар рўёбга чиқаради.

Ўзбекистон ҳам тараққиётининг янги даврида айни масалага алоҳида аҳамият бермоқда. Таълим тизимини бутунлай янги, замон талабларига мос ва хос пойдевор асосига қурмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланди.

— Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ, — деди Президент сўзининг бошида. — Шу боис янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур.

Ана шу эзгу мақсад йўлида кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янги босқичга кўтариш, замонавий компетенцияларга эга мутахассис кадрлар ва педагоглар тайёрлаш сифатини илғор халқаро тажриба асосида такомиллаштириш, узлуксиз таълим тизимининг барча тури (босқичлари) узвийлигини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Таълим дастурлари энг илғор мамлакатлар тажрибасига мослаштирилмоқда, дарсликлар янгиланяпти, таълим муассасаларига замонавий жиҳозлар тақдим этилаётир.

Маълумки, таълим дастурлари таълим мазмунини ягона платформада (занжирда) тизимлаштириб, асосий мақсадга, яъни шахсни муайян касбий фаолиятда зарур бўладиган билим, малака, кўникмага ўргатишга, маънавий камол топтиришга боғлаб шакллантирилади. Шундан келиб чиқиб, узлуксиз таълим тизимининг турлари (босқичлари) дастурларини ўзаро давомлилик ва изчиллик принципларида узвий боғланган прогрессияда (орттириб, такомиллаштириб, ривожлантириб) тузилиши талаб этилади.

Албатта, таълим дастурлари босқичдан-босқичга узвий боғланганда нафақат мазмуни, билимлар таркибини, балки уларни ўзлаштириш учун талаб этиладиган ўқитиш технологиялари ва педагогик услубиётларнинг ҳам изчил ўзгаришини таъминлаш зарур бўлади.

Айнан шу йўналишдаги таълим ислоҳотлари орқали мактабгача, мактаб таълими, профессионал ва олий таълим ўртасида ўзаро боғланган, мувофиқлашган узвийлик таъминланади.

Бугунги кунда таълим муассасаларимизда ўқув дастурлари илғор хорижий таълим даргоҳларининг ўқув дастурлари билан интеграциялаштирилмоқда. Бундай ислоҳотлар таълим муассасалари олдига хорижий таълим тизими билан интеграция жараёнларини кучайтириш, ўқув дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш, тажриба алмашишнинг самарадор механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш вазифаларини қўяди.

Мазкур жараён таълим муассасаларида, албатта, рақобат муҳитини яратади. Юқори сифатга эришиш мақсадлари учун бу ижобий омил. Шу билан бирга, бундай жараёнлар таълим турлари (босқичлари), таълим ташкилотларининг турлари, уларнинг ташкилий кўринишлари (давлат, нодавлат, хорижий), таълим олиш шакллари ўртасида ўзаро мувофиқлашув, тажриба алмашинув, ўзаро методик ёрдам ва қўллаб-қувватлаш муҳитида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Таълим ташкилотларини турли умумлаштирувчи платформаларда — ассоциациялар, уюшмалар, корпоратив бирлашмаларга тенг ҳуқуқлилик ва жамоатчилик асосида, ўзаро келишилган тараққиёт векторларини, услубиёт ва сифат таъминотини мувофиқлаштириб, таълим бозорида соғлом рақобат яратиш тажрибаси ривожланган мамлакатларда ҳозирги вақтда етарли даражада тўпланган.

Бугунги кунда юртимиздаги турли ташкилий ва мулкчилик шаклларидаги таълим муассасалари ўртасида фаол тажриба алмашинув ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш муҳим. Бунинг учун соҳада етарли меъёрий қонуний асослар ҳам яратилган.

Амалга ошириладиган ушбу ички интеграциялашув натижасида соҳалар учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатига ҳамкорликда корпоратив эътиборни кучайтириш, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш тадбирлари муайян тармоқ учун кадрлар тайёрлаш таълим инфратузилмасининг янги шаклларини ривожлантиришга асос яратади.

Йиғилишда соҳадаги ҳар бир йўналиш атрофлича таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгиланди. Таълимни янги босқичга кўтарадиган ташаббуслар илгари сурилди.

Бундан ташқари, университет, марказ ва мактаблардан муаллимлар хорижга малака оширишга юборилади.

Давлатимиз раҳбари ёшларни нуфузли хорижий университетларда ўқитиш масаласига алоҳида тўхталди. Фарзандларимиз жуда иқтидорли экани, фақат уларни тўғри йўналтириб, мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури бошланади, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб ташкил этилади. Унга 8-синф битирувчиларидан саралаб олиниб, рейтинги юқори олийгоҳларга мақсадли тайёрланади.

Жамиятимизда илм-фанга эътиборнинг ортиб бориши, кучли тарғибот ва рағбатлантириш сиёсати натижасида илмий тадқиқот билан шуғулланишга қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаб боришнинг узлуксиз тизимини жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бу жараён мутахассислардан кўп меҳнат ва янгича ёндашувни талаб қилади.

Айни истиқболга йўналган стратегик ислоҳотларнинг ижроси Ўзбекистондаги барча олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари фаолиятида ҳам кўзга яққол ташланмоқда.

Бугунги кунда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш орқали ўқитиш сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил қилиш бош стратегик мақсадлардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Юқоридаги мулоҳазаларни умумлаштирган ҳолда шуни айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таълим тизимини такомиллаштиришга оид ташаббуслар жамиятимизнинг ватанпарвар фуқаролари, олимлар, зиёлилар, депутатларимиз ва турли даражадаги раҳбарлар олдига қатор вазифаларни қўяди. Жумладан, маҳаллий таълим муассасаларининг ҳолатини ўрганиш, мактаблар, боғчалар, коллежлар, техникумлар ва олий ўқув юртларини замонавий, дунёвий ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар киритиш, ота-оналар, педагоглар ва ўқувчилар билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ечим топишга кўмаклашиш барчамизни кўзланган мақсадлар рўёби сари яқинлаштиради.

Таълим жараёнига илғор технологияларни, янги (комплекс, гибрид, рақамли) таълим шаклларини, адолатли рақобат муҳитини жорий этиш, махсус қонунлар ёки қарорлар орқали инновацион лойиҳалар ҳамда тажрибани қўллаб-қувватлаш замон талабларига мос кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, уларни янада такомиллаштиришга оид ташаббусларни илгари суриш орқали халқимиз билан биргаликда янги Ўзбекистон пойдеворини қуриш барчамизнинг вазифамиздир.

Ином МАЖИДОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий

университети ректори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер