Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист

18:47 03 Июнь 2025 Жамият
641 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Республика Миллий матбуот марказида маҳоратли журналист Саид Раҳмоновнинг «Олтин мерос пресс» нашриётида чоп этилган «Ҳамоҳанглик» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китобга киритилган 35 га яқин мақолалар фермерларнинг бугунги ишлари ва ташвишлари, уларнинг ютуқлари, оилавий кўп тармоқли корхоналарнинг издошлари ва ворислари, ўзи мустаҳкам оёққа турган ғайратли ва ғамхўр одамлар ҳақида ҳикоя қилади. Ҳар бир қаҳрамони нафақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг истеъдодли ташкилотчиси, фермер, бахтли оилаларнинг бошлиғи ва ўз Ватанининг ватанпарваридир. Асосийси, бошқаларга, биринчи навбатда, фарзандлари ва набиралари учун намуна. Ҳар бир суҳбатдоши эртанги кун учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

— Кейинги пайтда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимиз двигатели бўлиб қолди. Майдонлар кўпаймоқда ва соҳага янги тадбиркорлар, йирик корпорациялар, хусусий фермерлар кириб келмоқда, — дейди Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматов. — Иқтидорли журналист Саид Раҳмонов қишлоқ хўжалигининг уйғониш даврини ҳар бир мақоласида теран очиб берган. Мавзулар қамрови кенг, қайси муаммо бўйича мақолага қўл урмасин, энг аввало, жаҳоннинг илғор тажрибасини ўрганади, муаммони чуқур ичига киради, ўзгараётган жамиятимизга фойдаси тегадиган аниқ ва жўяли таклифларни илгари суради. Тўпламдаги ҳар бир мақола профессионал журналистнинг тинимсиз изланишлари, сўзнинг устида пухта ишлаши маҳсулидир, шунингдек, ўқувчининг тафаккурини очишга, фикрлашга ундаши билан ғоят аҳамиятлидир.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Журналистикада «Сарлавҳа ярим ютуқ» деган фикр бор. Саид Раҳмонов уларни топишда жуда креатив ёндашади: «Ўзбекистонда яшаш брендга, бизнес юритиш трендга чиқади», «Неъматидан хизмати қиммат», «Унутилган эскиликнинг биз билмаган янгиликлари», «Помидорнинг дориси кўпми, зори кўпми?», «Аччиқ экиннинг ширин ҳосили», «Куянинг уйи куйсин», «Бозорга тушганларнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтаётгани рост...ми?», «Сариёғдек кесилган тоғлар маскани», «Сара уруғ – ҳосил бўлиқ» каби қизиқарли сарлавҳалар, кўплаб мақолларни ўринли қўллаши ўқувчи иштиёқини қитиқлайди, мақолани янаям ўқишли қилади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Тўпламдан муаллифнинг Ҳиндистон, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия давлатларига амалга оширган хизмат сафарлари давомида ёзган жуда қизиқарли мақолалари ҳам ўрин олган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

«Ҳамоҳанглик» китоби қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, ихтисослашган мутахассислар, умуман қўлига қалам олиб, ижод қилаётган ҳар бир журналист, айниқса, олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар учун жуда фойдали нашрдир. Албатта, китобни ўқинг!

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?