Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда

Фото: Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»
Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги гўзал гўшаларидан бири — «Угом-Чотқол» қўриқхонаси ҳудудида «MSA Resort» туристик мажмуаси қуриб битказилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан туризм ва барқарор инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли бу каби йирик лойиҳалар зарур қўллаб-қувватлов ва илҳом олмоқда.
Мазкур лойиҳа нафақат табиатни севувчилар, балки миллий маданият ва гастрономияни қадрловчилар учун ҳам диққатга сазовор манзиллардан бирига айланиши кутилмоқда. Бугун, 4 июнь куни, мажмуа очилиши арафасида ОАВ вакиллари объектни бориб кўриб, бу улкан ташаббус қандай амалга оширилаётганига гувоҳ бўлди.

«MSA Resort» директори Санжар Мираҳмедовнинг сўзларига кўра, мажмуа меҳмонларга ўзбекона меҳмондўстликнинг ҳашаматли муҳитига шўнғиш имкониятини таклиф этади. Хусусан, бу ерда замонавий меҳмонхона хоналари, миллий таомлар тақдим этиладиган ресторан, дегустация зали ва энг қизиқарлиси — қадимий Марказий Осиё анъаналарини акс эттирган, бироқ замонавий қулайликларга эга юрталар (ўтов) мавжуд бўлади.


Шунингдек, ҳудудда этнолагердан ташқари, бир вақтнинг ўзида 1000 кишидан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга бўлган оммавий тадбирлар ўтказиладиган кўп функцияли майдонлар, жумладан очиқ осмон остидаги (open-air) зоналар ҳам бўлади. Режага кўра, келажакда «MSA Resort» йилига тахминан 20 минг сайёҳни қабул қилади.


Мажмуада меҳмонларга нафақат табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, балки узумчилик ва виночилик маданияти билан яқиндан танишиш имконияти ҳам тақдим этилади.

«Биз туризм учун янги имкониятлар эшигини очадиган ва минтақанинг ривожига кучли туртки берадиган замонавий, шу билан бирга миллий муҳитни яратишни мақсад қилганмиз. Янги мажмуанинг асосий ғояси — миллий қадриятлар ва маданий меросни ёрқин акс эттиришдир.
Биз сайёҳлар юқори даражадаги сервисни тақдим этиш билан бир қаторда, ўзбекона анъаналарнинг — меъморчиликдан тортиб амалий санъатгача намоён этишга интиламиз. Айниқса, узумчиликнинг ноёб ва кўп асрлик анъаналарини асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Бунинг натижасида яратилаётган маҳсулотимиз аллақачон халқаро даражада тан олинган», дейди «MSA Resort» мажмуаси директори.
Янги туристик мажмуанинг асосий таркибий қисмларидан бири – бу «MSA Family Winery» вино заводи. У 2022 йилдан буён Франциянинг машҳур Бордо шаҳридаги вино музейида Ўзбекистон виночилик соҳасини намоён этиб келмоқда. 2023 йили мазкур завод Германияда ўтказилган «Berliner Wine Trophy» нуфузли танловида олтин медалга, шунингдек «Mundus Vini» танловида иккита кумуш мукофотга сазовор бўлди. 2024 йили Франциянинг «Concours International de Lyon» халқаро танловида иккита олтин медални қўлга киритиб, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган энг яхши вино» сифатида эътироф этилган.
Шунингдек, вино заводи вакили Екатерина Мокрова Ўзбекистонда илк бор ўтказилган сомелье танловида ғолиб чиқиб, ушбу жамоанинг юқори малакаси ва профессионаллигини яна бир бор исботлади.


«MSA Resort» нафақат туристларни жалб этади, балки 350 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш орқали маҳаллий иқтисодиётга катта ҳисса қўшади. Лойиҳанинг йўналишлари қамрови кенг: қишлоқ хўжалиги, гастрономик, этно ва агротуризм, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш — буларнинг барчаси шу масканда жамланади.

Бу гўзал маскан ўзбек маданиятининг бой анъаналари, табиий ландшафтлар ва замонавий инфратузилмани бирлаштирган ўзига хос марказга айланиши кутилмоқда.
Муҳсин Умурзоқов,
Жалолиддин Ражабов,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг