Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?

21:16 13 Июнь 2025 Дунё
456 0

Дунё сиёсатининг бугунги мураккаб манзарасида Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар энг хавфли ва таҳликали минтақавий можаролардан бири сифатида кун тартибида турибди.

2024–2025 йилларда содир бўлган бевосита ҳаво ҳужумлари, дронлар орқали амалга оширилган зарбалар ва ҳар икки давлат раҳбарларининг кескин баёнотлари — бу қарама-қаршилик эндиликда фақат дипломатик йўл билан ҳал бўлмаслигини кўрсатаётгандек.

Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинликлар нафақат Яқин Шарқ минтақасидаги геосиёсий мувозанатни, балки халқаро хавфсизлик тизимининг барқарорлигини ҳам таҳдид остида қолдирмоқда. Энергетика бозорларидан тортиб, АҚШ ва Россия каби йирик геосиёсий ўйинчиларнинг позициясигача бўлган омиллар бу можаронинг бутун инсоният тинчлигига бевосита таъсирини ошириб юборди. Бу икки мамлакат ўртасидаги зиддиятнинг сабаби нимада? Унинг илдизи қаерда?

Эрон ва Исроил ўртасидаги бугунги зиддиятларнинг илдизлари ўтган асрнинг ўрталарига бориб тақалади. 1948 йилда Исроил давлати ташкил топганидан кейин, Эрон Яқин Шарқдаги кўплаб мусулмон мамлакатлар сингари бу давлатни расман тан олмаган бўлсада, дастлабки йилларда унга қарши очиқ душманлик сиёсати олиб бормаган. Ҳатто 1950 йилда Эрон Исроилни де-факто (лотинча “de facto” сўзидан олинган бўлиб, “аслида” маъносини беради ва қонуний қоидалар билан қўллаб-қувватланмайдиган, содир бўлаётган воқеаларнинг ҳақиқатини билдириш учун ишлатиладиган ибора – таҳр.) тан олган ва Тель-Авивда Эроннинг норасмий ваколатхонаси фаолият юритган. Бу ҳолат форсларнинг ўша даврдаги ташқи сиёсатида Ғарб таъсири кучли бўлганини кўрсатади.

1960–1970 йиллар оралиғида Форс подшоси Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида Эрон ва Исроил ўртасида яширин ҳамкорлик муносабатлари шаклланади. Ҳар икки давлат АҚШнинг иттифоқчилари сифатида минтақадаги Совет Иттифоқи таъсирига қарши туришга ҳаракат қилди. Эрон Исроилдан қурол-яроғ харид қилган, Исроил эса Эронга қурғоқчиликка қарши технологиялар, нефть саноатида ишловчи муҳандислар ва хавфсизлик соҳасида мутахассислар юборган. Гарчи бу алоқалар оммага ошкор қилинмаган бўлса-да, тарихий ҳужжатлар уларнинг ҳамкорлиги анча чуқур ва кенг қамровли бўлганини тасдиқлайди.

Ислом инқилоби ва «душманлик шартномаси»нинг имзоланиши

1979 йилда Эронда юз берган Ислом инқилоби бу муносабатларга кескин нуқта қўйди. Айтиш мумкинки, инқилобдан сўнг янги тузум Исроилни Ғарб империализмининг рамзи сифатида кўра бошлади. Эрон Исроилни «ғайри қонуний давлат» деб атади ва мамлакатдаги яҳудий элчихонасини ёпди. Устига устак, Исроил элчихонаси биноси Фаластин Озодлик Ташкилотига топширилди. Бу ўзига хос рамзий маъно касб этарди, албатта. Эрон олий раҳбарияти Исроилнинг мавжудлигини мутлақо рад этувчи сиёсий риторикани расмий сиёсат даражасига кўтарди. Бу даврда Эрон «Ҳизбуллаҳ», «Ислом жиҳоди» ва «ҲАМАС» каби гуруҳларга очиқ-ойдин кўмак кўрсата бошлади.

Айнан шу даврдан бошлаб, Эрон расмий доираларида Исроилни «Ционистик режим» деб аташ кенг тарқалди. Бу атама фақатгина дипломатик услуб эмас, балки мафкуравий ёндашувнинг ўзагини ташкил этарди. Эрон Конституциясида ҳам «зулмга қарши курашиш ва исломий халқларни озод қилиш» давлат сиёсатининг бир қисми сифатида белгиланган бўлиб, бу Исроилга нисбатан кескин муносабатни қонуний асосга айлантирарди.

1982 йилда, Исроил Ливанга бостириб кирганидан сўнг, Эрон бу мамлакатдаги шиа гуруҳларини бирлаштириб, янги радикал ҳаракат – «Ҳизбуллаҳ»нинг шаклланишига бевосита раҳбарлик қилди. Эрон бу ҳаракат орқали Исроилга қарши «прокси уруш» олиб бориш стратегиясини ишга туширди. «Ҳизбуллаҳ» ўзининг мафкуравий асосида Исроилнинг йўқ қилиниши ғоясини байроқ қилиб олди ва Эрон бу гуруҳни ҳарбий техника, маблағ ҳамда маълумотлари билан қўллаб-қувватлаб борди.

1992 йилда Исроил разведка хизматлари Эроннинг Ливан жанубидаги «Ҳизбуллаҳ» позицияларига ўрта масофали ракеталарни етказиб берганини аниқлади. Ушбу қуроллар орқали Исроил шимолидаги аҳоли пунктларига доимий таҳдид юзага келди. Бу Эроннинг Исроил ҳудудига бевосита зарар етказишга қаратилган биринчи минтақавий ҳаракати сифатида тарихда қайд этилди.

1995 1997 йиллар оралиғида эса Исроил ичкарисида «ҲАМАС» томонидан амалга оширилган бир неча портлашлар ортида Эрон тургани ҳақида иддаолар пайдо бўлди. Гарчи расмий исботлар тўлиқ бўлмаса-да, Исроил разведкаси Эроннинг «ҲАМАС»га молиявий ва логистика кўмагини оширганини таъкидлади. Айниқса, Тель-Авив ва Қуддусда юз берган ҳужумлар ортидан Эрон – ҲАМАС алоқалари халқаро даражада кенг муҳокама қилина бошланди.

Зиддият кучайиши ва ядро дастури юзасидан босим

2000 йилларнинг бошларидан Эрон ва Исроил ўртасидаги қарама-қаршилик янги босқичга кўтарилди. Можароларнинг характери аввалгидек фақат прокси кучлар ёки мафкуравий баёнотлар билан эмас, балки аниқ ҳарбий тўқнашувлар ва глобал ядро хавфсизлиги масалалари билан боғлана бошлади. Айниқса, Эроннинг ядровий имкониятларини оширишга бўлган «интилиши» Исроил томонидан ўта жиддий таҳдид сифатида қабул қилинди.

2006 йил июль август ойларида, Исроил ва «Ҳизбуллаҳ» ўртасида 33 кун давом этган қуролли можаро содир бўлди. Уруш Ливан жанубидаги «Ҳизбуллаҳ» кучлари томонидан Исроилга қарата отиб юборилган ракета ҳужуми ортидан бошланган. Исроил жавобан Ливанга кенг кўламли ҳарбий амалиёт олиб борди. Бу можарода Эрон «Ҳизбуллаҳ»га қурол, разведка, молиявий воситалар ҳамда сиёсий қўллаб-қувватлаш шаклида фаол ёрдам кўрсатганини яширмади. Уруш якунида «Ҳизбуллаҳ»нинг қаршилик кўрсата олиши Эроннинг минтақадаги таъсирини янада кучайтирган бўлсада, Исроил учун бу таҳдид реал хавфга айлангани аниқ бўлди.

2009 йилга келиб, Эроннинг уранни бойитиш дастури жиддий босқичга кирган эди. Исроил Бош вазири ва Мудофаа вазирлиги Эрон ядро дастурини расмий равишда «Исроил миллий хавфсизлигига бевосита таҳдид» деб эълон қилди. Бу ҳолат Исроилнинг халқаро миқёсда дипломатик босим кучайтиришига сабаб бўлди. Шунингдек, яҳудий давлати ўша йили Эроннинг ядро иншоотларига қарши зарур бўлса, бир томонлама ҳарбий операциялар ўтказишини ҳам истисно қилмади.

Бу Эроннинг технологик имкониятлари ортиб бораётган бир пайтда, Исроил ўзининг технологик устунлигини сақлаб қолиш ва минтақавий куч мувозанатини Эрон зарарига ўзгартиришга уринаётган давр бўлди. Зиддиятлар тобора мураккаб тус ола бошлади ва 2010 йилларда киберҳужумлар, яширин амалиётлар ва халқаро санкциялар шаклида ўз ифодасини топди.

Киберҳужумлар ва яширин урушлар босқичи

2010 йилларда Эрон ва Исроил ўртасидаги қарама-қаршиликлар янги шаклга – киберурушлар, яширин разведка амалиётлари ва глобал ядро дипломатияси босқичига ўтди. Можаро энди фақатгина ҳудудий ёки қуролли кучлар даражасида эмас, балки ахборот тизимлари, сунъий интеллект, разведка ҳамда дипломатик босимлар доирасида кеча бошлади. Бу ўн йиллик Эрон-Исроил зиддиятининг технологик ва глобал тус олганини яққол кўрсатади.

2010 йил дунё ахборот майдонида мисли кўрилмаган воқеа билан эсда қолди – «Stuxnet» номли компьютер вируси Эроннинг Натанз шаҳридаги ядро иншоотида жойлашган центрифугаларни ишдан чиқарди. Бу вирус ўз мураккаб коди ва аниқ нишонга қаратилган зарари билан киберуруш тарихида илк «рақамли қурол» сифатида тилга олинди. Халқаро таҳлилчилар вирус ортида АҚШ ва Исроил разведка хизматлари турганини билдирдилар. Бу воқеа Эрон ядро дастурининг технологик йўл билан секинлаштирилганининг яққол исботи бўлди ва Исроилнинг янги уруш шаклини фаол қўллай бошлаганини кўрсатди.

2012 йил февраль ойида эса Таиланд, Ҳиндистон ва Грузияда Исроил дипломатларига қаратилган бир нечта суиқасдлар содир бўлди. Портлашлар ва ҳужумлар ортида Эрон махсус хизматлари тургани ҳақидаги иддаолар халқаро ОАВларда кенг ёритилди. Исроил бу ҳодисаларни «Эроннинг глобал террор тармоғи орқали разведка уруши олиб бораётганининг исботи» деб атади. Бу воқеалар Исроилнинг хориждаги фуқаролари ҳам бевосита можарога жалб этилганининг хавфли далилидир.

2015 йилнинг июлида эса можарода дипломатик бурилиш юз берди: Эрон ва «P5+1» (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия) давлатлари ўртасида ядро дастури бўйича тарихий келишув – JCPOA (Joint Comprehensive Plan of Action) имзоланди. Ушбу ҳужжат асосида Эрон ўз ядро дастурини чеклашга ва халқаро назоратга розилик билдирди, эвазига унга нисбатан қўлланилган санкциялар юмшатилди. Исроил эса бу келишувга кескин қарши чиқди ва уни «Эрон ядро қуролига етиб боришини расман қонунийлаштирувчи ҳужжат» деб атади.

2018 йил май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу JCPOA келишувдан чиқишини эълон қилди. Бу қарор Исроил томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ушбу чиқишни «халқаро адолат ва Исроил хавфсизлигининг ғалабаси» деб эътироф этди. Бу босқичдан бошлаб, Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро яна кучайди, киберҳужумлар, яширин суиқасдлар, ва Суриядаги прокси фронтлар орқали қарама-қаршилик қайта фаоллашди.

Умуман олганда, 2010–2020 йиллар икки давлат ўртасидаги урушнинг «кўринмас фронти» кенгайган, яъни разведка, киберхавфсизлик, дипломатик манёврлар ва халқаро босим воситалари устуворлик касб этган давр бўлди. Бу можарони бошқариш қийинлашди, аммо хавфи кучайди.

Олимларга суиқасдлар

2020–2022 йиллар Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар тарихида яна бир кескин босқич бўлди. Бу даврда можаролар разведкавий суиқасдлар, саботажлар ва Сурия ҳудудидаги бевосита ҳаво ҳужумлари орқали янада кескинлашди. Қарама-қаршилик анъанавий уруш эмас, балки махфий амалиётлар ва узоқдан нишонга олинадиган технологиялар асосида олиб борилмоқда.

2020 йил ноябрь ойида, Эрон ядро дастурининг асосчиларидан бири ва энг муҳим олими ҳисобланган Муҳсин Фахризода Теҳрон яқинида суиқасд натижасида ўлдирилди. Эрон расмийлари бу суиқасд ортида Исроил разведкаси — «Моссад» турганини қатъий даъво қилдилар. Суиқасд сунъий интеллект ёрдамида бошқарилган масофавий автоматик қурол орқали амалга оширилгани ҳақида халқаро ахборот воситаларида маълумотлар пайдо бўлди. Исроил бундай айбловларга расмий жавоб бермади, аммо Нетаньяҳу Фаҳризодани илгари очиқча «Эрон ядро дастурининг отаси» деб атаган эди.

2021 йил апрель ойида, Эроннинг Натанз шаҳридаги ядро иншоотида йирик портлаш содир бўлди. Бу иншоотда уранни бойитиш ишлари олиб борилар эди, деб ишонилади. Портлаш натижасида юзлаб центрифугалар ишдан чиқди. Бу эса Эроннинг ядро дастурига сезиларли зарба бўлди. Эрон бу саботажни Исроил томонидан уюштирилган «кибер ва физик ҳужум» деб атади. Бу ҳодиса халқаро ҳамжамиятни яна бир бор Эрон – Исроил можаросининг назоратдан чиқиш хавфи билан юзлаштирди.

2022 йил март–июнь ойларида, Исроил Сурияда жойлашган Эрон ҳарбий позицияларига нисбатан ўз ҳаво ҳужумларини жадаллаштирди. Айниқса, Дамашқ, Ҳомс, Тартус ва Алеппо яқинидаги ҳарбий иншоотларга уюштирилган зарбалар Эроннинг минтақадаги таъсирини заифлаштиришга қаратилган эди. Исроил бу ҳужумлар орқали «Ҳизбуллаҳ»га ўтадиган қурол занжирини йўқ қилишга уринаётганини таъкидлади. Эрон эса бу ҳаракатларни «халқаро ҳуқуқ бузилиши» сифатида баҳолаб, қасос олиш ҳуқуқини сақлаб қолишини эълон қилди.

Бу уч йиллик давр шуни кўрсатдики, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро аллақачон анъанавий чегаралардан чиқиб кетган. Ҳарбий операциялар махфийлик, технологик устунлик ва глобал хавфсизликни бевосита таҳдид остига қўяётган даражага етди. Шу сабабли, бу босқич зиддиятнинг энг мураккаб, энг хавфли ва энг башорат қилиб бўлмайдиган даврларидан бири сифатида тарихга кирди.

«Ракеталар ўйини» ёхуд бевосита зарбалар

Сўнгги йилларда Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро мисли кўрилмаган даражада кескинлашди. Дипломатик муносабатлар аллақачон йўқолган, прокси урушлар эса тобора бевосита ҳарбий тўқнашувларга айлана бошлаган бир шароитда, 2023 – 2025 йиллар оралиғи можаронинг очиқ босқичига ўтганини кўрсатади. Бу йилларда икки давлат нафақат вакил гуруҳлар, балки ўз ҳудуди ва стратегик объектларига қаратилган зарбалар орқали тўқнашди. Айниқса, дронлар, баллистик ракеталар, сунъий интеллектли ҳужум тизимлари ва разведкавий суиқасдлардан фойдаланиш можарони мутлақо янги даражага олиб чиқди.

2023 йил апрель ойида, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудида фаластинликлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасида яна тўқнашувлар юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда намозхонларнинг ўққа тутилиши, зўравонлик билан чиқариб юборилиши акс этган. Бу ҳолат мусулмон дунёсида, айниқса Эронда кучли норозилик уйғотди. Эрон расмийлари бу воқеани «Ислом муқаддасотларига қилинган тажовуз» деб баҳолаб, Исроилга қарши кескин баёнотлар берди. Бу можаро Эроннинг «қаршилик ўқи» деб аталувчи регионал стратегиясини яна бир бор фаоллаштирди.

2024 йил февраль ойида, Исроил Суриянинг Дамашқ шаҳрида жойлашган Эрон ҳарбий объектларига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳужум натижасида Эроннинг юқори мартабали ҳарбий зобитлари ҳалок бўлди. Исроил бу операцияни ««Ҳизбуллаҳ»га узатилаётган қурол карвонини йўқ қилиш», деб атади. Эрон эса бу зарбани халқаро қонунчиликка зид ҳужум деб баҳолаб, кескин жавоб берилиши ҳақида огоҳлантирди.

2024 йил апрель ойида, глобал оммавий ахборот воситаларида Исроил Эрондаги Исфаҳон вилоятида жойлашган ҳаво базасига дрон орқали ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу зарба Эрон ҳудудида жойлашган стратегик ҳарбий объектга биринчи марта тўғридан-тўғри берилган ҳаво ҳужуми сифатида баҳоланди. АҚШ манбалари бу операцияни Исроил разведкаси томонидан «ядро ва ракета салоҳиятига қарши превентив чоралар» доирасида амалга оширилган деб изоҳлади.

2024 йил 13 апрель куни Эрон илк бор бевосита Исроил ҳудудига тўғридан-тўғри 300 дан ортиқ дрон ва ракета йўллади. Бу тарихий воқеа Эроннинг очиқ жанговар ҳужуми сифатида қайд этилди. Исроил бу ҳужумларнинг кўпчилигини ўзининг «Iron Dome» ва «David’s Sling» мудофаа тизимлари орқали тутиб қолган бўлсада, айрим ракеталар ҳарбий объектларга зарар етказди. Ушбу ҳодиса Яқин Шарқдаги геосиёсий мувозанатнинг бутунлай издан чиқишига сабаб бўлиши мумкин эди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши шошилинч йиғилиш ўтказди, бироқ ҳар иккала томон ҳам ҳарбий тайёргарликни давом эттирди.

2025 йил январь март ойларида, можаро ахборот уруши ва киберҳужумлар даражасига кўтарилди. Ҳар икки давлат бир-бирининг муҳим ахборот тизимларига сунъий интеллект орқали киришга уринди. Эрон телекоммуникация иншоотларига ва банк тизимларига зарар етказилиши ҳолатларини қайд этди. Исроил эса ўзининг соғлиқни сақлаш тизими ва аэропорт бошқарув тизимларига қилинган киберҳужумлар учун Эронга тегишли гуруҳларни айблади. Бу кибер-зиддиятлар халқаро миқёсда «рақамли уруш» деб атала бошланди.

2025 йил апрель ойида, Эрон оммавий ахборот воситалари Исроил разведкаси — «Моссад» томонидан Теҳрондаги юқори лавозимли ҳарбий олимга қарши суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар берди. Расмийлар бу суиқасдни «ядро соҳасидаги илмий салоҳиятга қилинган террор» деб баҳолаб, жиддий жавоб бўлишини маълум қилишди. Исроил бу борада изоҳ бермади, аммо Эрон махсус хизматлари хавфсизликни кучайтирганини билдирди.

2025 йил 13 июнь куни Исроил Эронга нисбатан йирик кўламли ва тўғридан-тўғри ҳарбий зарба берди. «Rising Lion» номи билан юритилган ушбу операция доирасида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг ядро, ракета ва ҳарбий инфратузилмаларига қарата кенг миқёсли ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Айниқса, Натанз, Исфаҳон, Хуррамобод, Теҳрон ва бошқа стратегик объектларга қаратилган зарбалар Эроннинг ядровий салоҳиятига сезиларли зарар етказди. Исроил бу зарбаларни «Эрон томонидан хавфсизликка доимий таҳдид туғдирилишига жавоб» сифатида изоҳлади.

Ҳужум натижасида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – “Хатам-ал-Анбия” марказий штаби қўмондони, генерал Ғулом Али Рашид, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Аэрокосмик кучлари қўмондони Али Ҳожизода ҳамда ядро дастури устида иш олиб бораётган олимлар – физик Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи ва атом энергетикаси бўйича ташкилот раҳбари Фариддун Аббос Давоний ҳалок бўлгани ҳақида расмий хабарлар тарқалди. Теҳрон ва бошқа шаҳарларда портлашлар содир бўлиб, фуқаролар орасида ҳам талафотлар бўлгани айтилмоқда. Шу билан бирга, Эрон Исроилга жавобан камида 100 дан ортиқ дрон ва ракета воситаларини ишга туширганини эълон қилди. Исроил ҳаво мудофаа тизимлари уларнинг аксариятини йўқ қилишга муваффақ бўлган бўлсада, баъзиларининг нишонга етиб борганлиги ҳақида хабарлар мавжуд.

Бугунги геосиёсий манзара шуни кўрсатадики, икки давлатда ҳам дипломатлар эмас, ракеталар ва технологиялар сўзлашаётган даврга қадам қўйилди. Халқаро ҳуқуқ институтлари – БМТ, Халқаро суд, Атом энергияси агентлиги – можаронинг олдини олишда кучсиз, чоралар суст. Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари, Эроннинг дрон зарбалари ёки олимларга суиқасдлари халқаро қонунларга зид бўлса-да, жиддий жазоловчи механизмлар ишламаяпти. Бу эса «куч эгаларининг қонун устуворлигидан устун туриши» ҳолатини шакллантирмоқда.

Эрон ва Исроил можароси халқаро ҳамжамиятга куч ва қонун ўртасидаги мувозанатни, хавфсизлик ва манфаат ўртасидаги зиддиятни яна бир бор тарозида тортиб кўриш учун имкон бераётгандек кўринмоқда. Ҳарбий уруш эмас, сиёсий ақл ва дипломатик ирода орқали ечим топилмаса, бу можаро Яқин Шарқ эмас, бутун дунё учун узоқ муддатли фалокатга айланиши мумкин.

Санжар ШОМУРОДОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?