Ёруғ ва ёниқ қалблар

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Миришкор туманининг Миришкор маҳалласидамиз. МФЙ фаоллари шу ҳудудда яшовчи 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган Фарҳод Ҳамроевнинг 6 сотих томорқадан яхшигина даромад топиб, бу борада кўпчиликка ибрат бўлаётгани ҳақида айтиб қолишди. Уларнинг таклифи билан ана шу хонадонга йўл олдик.
Фарҳод Ҳамроев томорқада тартиб билан экилган саримсоқпиёзларга сув бошқараётган экан. Узоқдан овозимизни эшитиб, «Келинглар, келинглар» деганча пешвоз чиқди. Қаршимизга кулиб чиқиб келаётган инсоннинг кўзлари ожизлигига сира ишонгимиз келмасди. Хаёлимиздан ўтган гапни пайқаган маҳалла раиси секин пичирлади.
— Фарҳоджон зукко, кўнгли очиқ йигит. Кўзлари кўрмасада, ҳовлида бемалол юришни ўрганган. Ҳеч кимнинг ёрдамига эҳтиёж сезмайди.
Мезбоннинг томорқасидаги экинлари, бу ерда амалга оширган ишлари билан танишдик.
— Оиламизнинг асосий даромади шу томорқа ортидан, — дейди Фарҳод Ҳамроев. — Турмуш ўртоғим, фарзандларим билан бирга шу ерда ишлаймиз. Асосан саримсоқпиёз етиштириш билан шуғулланамиз. Чунки шу ишни яхши ўзлаштирганман, даромади ҳам ёмонмас. Томорқанинг бир қисмига рўзғор учун керак барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини экиб етиштирамиз. Сигир, қўй, товуқ боқамиз. Сут-қатиқ, тухумдан тортиб, гўштгача ўзимиздан чиқади. Истеъмолдан ортса сотамиз. Хуллас, меҳнатимиз ортидан ҳаётимиз фаровон. Ҳеч нарсадан камчилигимиз йўқ.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 108 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқаро истиқомат қилмоқда. Уларнинг 10 мингга яқини 1-гуруҳ ногиронлиги бўлганлар ташкил этади. Албатта, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни тизимли қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ногиронлиги бўлган фуқароларга белгиланган тартибда ногиронлик нафақаси тўланади. Турли ижтимоий жамғармалар, ҳомийлар томонидан моддий кўмак кўрсатилаётганлар ҳам бор. Бу имконияти чекланган фуқароларнинг зарур ҳаётий эҳтиёжларини қоплаши мумкин, аммо барибир кишининг ўзи ҳаракат қилиб пул топиши, доимий даромад манбаига эга бўлишига нима етсин?!
Ғузор туманининг Мустақиллик маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Ҳолида Атамуродова ҳам моддий даромад топиш, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшиш мақсадида 4 сотих томорқасининг 2 сотих қисмида иссиқхона барпо этиб, у ерда қулупнай етиштиришни йўлга қўйган.
— Бир неча йил олдин моддий томондан жуда қийналиб қолгандик, — дейди у. — Турмуш ўртоғим ҳам, ўғлим ҳам чорасизликдан иш излаб хорижга кетишди. Мен ёрдам сўраб маҳаллага бордим. У ерда «Аёллар дафтари»да турган хотин-қизларга оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имтиёзли кредит берилаётганини айтишди. Маҳалла фаолларининг маслаҳати ҳамда тавсияси билан банкдан имтиёзли кредит олиб 4 сотих томорқамнинг 2 сотихида мўъжаз иссиқхона қурдирдим. Ёпиқ шароитда помидор, бодринг етиштиришни йўлга қўйдим. Кейин иссиқхона шароитида қулупнай етиштиришни ўзлаштирдим. Унинг фойдаси янада кўпроқ бўлди. Ҳозир чорвачилик, паррандачилик йўналишларида ҳам даромад олишни бошладик.
Эътиборли томони, хонадон бекасининг томорқадан яхши даромад ола бошлаганини кўрган турмуш ўртоғи ва ўғли хориждан қайтиб, шу ишга бош қўшишди. Эндиликда оила ҳамжиҳатликда томорқада балиқ етиштириш ва шу каби яна бир қатор янги-янги лойиҳалар устида бош қотирмоқда.
Юқоридаги қаҳрамонларимиз билан суҳбатлашиб англадикки, улар ҳаётни доимо ёруғ қалб билан кўради. Ҳеч қачон нолимайди, имконияти чекланганини пеш қилиб, бошқалардан кўмак кутмайди. Қайсидир ташкилотларнинг эшиги ёнида ёрдам сўраб, сарғайиб ўтирмайди. Ўз режалари, мақсадлари сари ўзи интилади. Фаровон ҳаётининг асоси ҳам шунда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг