Трамп Исроилнинг Эрон раҳнамосини ўлдириш режасини блоклади

Фото: Anadolu via Getty Images
Исроил армиясининг Эроннинг ядровий ва ҳарбий объектларига қарши йирик операцияси вақтида АҚШ президенти Дональд Трамп Исроилнинг Эрон Ислом Республикаси олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни йўқ қилиш режасини блоклаган.
“Reuters” манбаларига кўра, Исроил АҚШни Хоманаийни йўқ қилиш имконияти ҳақида хабардор қилган. Бироқ Трамп, афтидан, АҚШ фуқароларига тўғридан-тўғри ҳужум қилинмаганини айтиб, бу сценарийни қўллаб-қувватлашдан бош тортган. Айни пайтда Оммавий ахборот воситалари Эрон раҳбарияти мамлакатдан фавқулодда эвакуация қилинадиган тақдирда Россия билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар бермоқда.
“АҚШ президенти Дональд Трамп сўнгги кунларда Исроилнинг Али Хоманаийни ўлдириш режасига “вето қўйди”, — деди икки америкалик мулозим “Reuters” агентлигига.
“Эронликлар америкаликни ўлдириб қўйишдими? Йўқ. Улар буни қилмагунча, биз ҳатто сиёсий раҳбарият ортидан бориш ҳақида гапирмаяпмиз ҳам”, — дейди АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали мулозимларидан бири.
Манбаларнинг айтишича, Исроил 13 июнга ўтар кечаси ядровий дастурини тўхтатиш мақсадида Эронга йирик ҳужум уюштирганидан бери АҚШ расмийлари Исроил расмийлари билан доимий алоқада бўлиб келган. Уларнинг сўзларига кўра, исроилликлар Эрон етакчисини ўлдириш имконияти борлигини билдирган, бироқ Трамп бу режадан воз кечган.
Жума куни Исроил “Арслон кўтарилиши” операциясини бошлаганидан сўнг, Трамп АҚШ расмийлари Исроилнинг Эронга зарбалари ҳақида олдиндан огоҳлантирганини айтди.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу Трампнинг “Fox News” телеканалидаги ветосига шундай жавоб берди: “Ҳеч қачон содир бўлмаган суҳбатлар ҳақида ёлғон хабарлар жуда кўп ва мен бунга қўшила олмайман”.
“Аммо мен сизга айта оламан, менимча, биз қилишимиз керак бўлган ишни қиляпмиз, қилишимиз керак бўлган ишни қиламиз. Ва менимча, АҚШ ўзи учун нима яхши эканини билади”, — дея қўшимча яҳудий давлати етакчиси.
Нетаньяҳунинг таъкидлашича, Эрондаги режим ўзгариши Исроилнинг ҳарбий ҳужумлари натижасида юзага келиши мумкин ва яҳудий давлати Теҳроннинг “экзистенциал таҳдидини” бартараф этиш учун қўлидан келганини қилади.
Исроил Миллий Хавфсизлик Кенгаши раҳбари Цахи Ханегби Али Хоманаийни йўқ қилиш учун “Трамп ветоси” қўйилгани ҳақидаги ҳисоботни “фейклар мамлакатидан фейк” деб атади: “Биз сўрамаганмиз ва сўрамаяпмиз ҳам. Америкаликлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилмоқдалар”.
“Кампаниянинг ҳозирги мақсади режимни ўзгартириш эмас, балки Эроннинг ядровий ва ракета дастурлари — “бизни йўқ қилиш” қобилиятини йўқ қилишдир” — дейди “Reuters” агентлигига Исроилнинг яна бир ҳарбий мулозими.
Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Исроилнинг Теҳронга зарбалари бошланганидан сўнг, Али Хоманаий ва унинг оиласи Афғонистон билан чегара яқинидаги бункерга кўчирилган.
Эроннинг Россия билан келишуви
Айни пайтда Эрон парламенти Россия билан кенг қамровли стратегик шериклик шартномасини тасдиқлаган. Эроннинг Россиядаги элчихонасининг якшанба куни хабар беришича, парламент спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф тасдиқланган келишувни мамлакат президенти Масъуд Пезешкиёнга юборган. Ниҳоят, у Эрон конституциясининг Қўриқчилар кенгаши томонидан ҳам тасдиқланди.
Битим 17 январь куни Пезешкиённинг Москвага ташрифи чоғида имзоланган. Унинг шартларига кўра, томонлар ўзаро манфаатли барча соҳалардаги муносабатларни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, минтақавий ва глобал миқёсдаги фаолиятни яқиндан мувофиқлаштиришга интилади, бу эса узоқ муддатли ҳар томонлама стратегик шерикликка мос келади.
Якшанба куни Лондонда жойлашган “Iran International” телеканали олий раҳнамо Али Хоманаийнинг маъмурияти раҳбари ўринбосари Али Асғар Ҳижозий “вазият ёмонлашса, ўзи ва оиласи учун Эрондан потенциал чиқиб кетишини таъминлаш учун Россия расмийлари билан музокаралар олиб борилаётгани” ҳақида маълумот олганини хабар қилди. ОАВ маълумотларига кўра, Россиянинг юқори мартабали мулозими Ҳижозийни вазият кескинлашса, Москва уни хавфсиз йўлак орқали эвакуация қилишни таъминлашига ишонтирган.
Телеканалнинг қўшимча қилишича, бошқа юқори мартабали Эрон расмийлари ҳам худди шундай таклифлар олган, “баъзилари эса жўнаб кетиш йўналишлари ҳақида қарор қабул қилишган”.
Нетаньяҳу шанба куни видеомурожаатида Эрон раҳбарлари “сумкаларини йиғишаётганини” айтганди.
Қурбонлар сони ортиб бормоқда
Шу йилнинг 13 июндан бери Исроил ва Эрон ўртасида ўзаро ракета ва ҳаво ҳужумлари давом этмоқда. Исроил Эронни ядровий қурол яратиш арафасида турибди, деб айблаб, ҳарбий операция бошланганини эълон қилган.
Теҳрон эса бу даъволарни рад этган ҳолда, Исроил ҳудудларига ракеталар билан жавоб берди. Икки томон ўртасидаги кескинлик нафақат ҳарбий объектларга, балки тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Оқибатда Эронда ҳалок бўлаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий вакили Хусейн Керманпур маълум қилишича, Исроилнинг Эрон ҳудудига ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 224 нафарга етган. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.
Расмий маълумотларга кўра, Исроил зарбалари бошланган — 13 июнь кунидан бери ўтган вақт ичида 1277 нафар киши шифохоналарга ётқизилган. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.
Қурбонлар орасида Эрон қуролли кучларининг бир қатор юқори лавозимли мулозимлари, олимлари ҳам бор. Хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – “Хатам-ал-Анбия” марказий штаби қўмондони, генерал Ғулом Али Рашид, Аэрокосмик кучлари қўмондони Али Ҳожизода, разведка ташкилоти раҳбари, бригада генерали Муҳаммад Козимий ва унинг ўринбосари Ҳасан Муҳагег, ядро дастури устида иш олиб бораётган олимлар – физик Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи ва атом энергетикаси бўйича ташкилот раҳбари Фариддун Аббос Давоний ҳалок бўлган.
Эроннинг Исроилга жавоб зарбалари натижасида 13 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши яраланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг