Термиз дунё нигоҳида

14:26 21 Май 2025 Жамият
80 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Термиз шаҳрида «Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш» мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Форумда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка, Яқин Шарқ мамлакатларидан 200 га яқин вакиллар иштирок этмоқда. Иштирокчилар орасида сиёсий-иқтисодий ва бизнес доиралар вакиллари, молия институтлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар аъзолари, шунингдек, дунёнинг турли таҳлилий ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг нуфузли экспертлари ҳам бор.

Мулоқотнинг асосий мақсади — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусини илгари суриш. Бу ташаббус 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланганди. Дастлаб, «Термиз халқаро савдо маркази» эркин иқтисодий зонасида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши тантанали равишда очилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори сўзга чиқиб, мамлакатимиз охирги йилларда олиб бораётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлашди.

Халқаро анжуманнинг биринчи йиғилиши доирасидаги дастлабки сессиясида 20 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилот вакиллари сўзга чиқиб, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, форумнинг минтақалараро молия институтлари ва хусусий секторнинг иқтисодиётни ўстиришда ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган иккинчи сессиясида минтақавий хусусий бизнес вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Тадбирда «Каталист» кампанияси асосчиси ҳамда бошлиғи Муҳаммад Сулаймон бин Шайх Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида хусусий секторни ўзаро қўллаб-қувватлашнинг ҳудудий платформаси ҳақида тақдимот ўтказди.

Термиз шаҳри «Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш» мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича мулоқотга мезбонлик қилиш учун бежиз танланмаган. Чунки Термиз азалдан маданиятлар ўртасидаги мулоқот маркази сифатида ўз ўрнига эга. Бу ерда зардуштий, буддизм, насронийлик ва ислом каби динлар анъаналари ривожланган. Икки ярим минг йилдан ортиқ тарихга эга қадимий шаҳар антик давр муаллифларининг асарларида ҳам тилга олинган. Термиз азалдан Буюк Ипак йўлидаги муҳим нуқталардан бири бўлган. Айни пайтда ушбу қадим шаҳарнинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим бўғин сифатидаги ўрни қайта тикланмоқда.

БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе Термизнинг Буюк ипак йўлидаги тарихий марказ сифатида ҳудудлараро интеграциянинг кучли механизми бўлиб хизмат қила оладиган бой меросга эга эканлигини алоҳида эътироф этди. Бугун Термиз дунё нигоҳида бўлиб турибди. Кўҳна шаҳарда мулоқот қизғин давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?