Ўзбекистонда вируссиз уруғлик картошка етиштиришга оид лойиҳа амалга оширилмоқда

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида Жанубий Корея билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда картошка уруғчилик тизимини янада ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида вируссиз уруғлик картошка етиштириш ишлари йўлга қўйилган.
— Лойиҳанинг асосий мақсади — Ўзбекистонда импорт ўрнини босувчи уруғлик картошка етиштириш бўйича илғор технологияларни ишлаб чиқиш, — дейди институт ректори Шавкат Ҳасанов. — Бу йўналишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва мутахассисларга илмий асосланган тавсиялар берилиб, уларнинг билим ва малакаси ошириляпти.
Шу кунга қадар 10 нафар фермер хорижда махсус ўқув курсларида қатнашди, 6 нафар мутахассис эса Кореяда малака ошириб қайтди. Институт қошида инвитро лаборатория ташкил этилган бўлиб, унда соғлом картошка кўчатлари тайёрланмоқда. Шунингдек, гидропоника иссиқхонаси ва 3 гектар майдонда Nethouse қурилиб, йилига 30 минг дона микро ва минитуганаклар етиштирилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисини картошка билан тўлиқ таъминлаш учун йилига 4,1 миллион тонна маҳсулот ҳамда 550–600 минг тонна уруғлик талаб этилади. Ҳозирги пайтда эса Ўзбекистонда 3,7–3,8 миллион тонна картошка етиштирилмоқда. Жорий йилда барча тоифадаги хўжаликларда 286 минг гектар майдонда картошка экиш ва 3,8 миллион тонна ялпи ҳосил олиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, 2024 йили Покистон, Қозоғистон, Афғонистон, Россия, Қирғизистон ва Эрондан истеъмол учун 703 минг тонна ва уруғлик учун 1,2 минг тонна картошка импорт қилинган.
— Ўзбекистон картошка етиштириш учун улкан салоҳиятга эга, — дейди Халқаро боғдорчилик институти менежери, профессор Чо Ҳюн-Моок. — Тажрибалар давомида турли вирус ва зараркунандаларга кам дуч келдик. Бу эса мамлакат яқин келажакда картошка экспорт қилиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг