Янгиободлик «Темир хотин»

Рустам Нурматов/«Халқ сўзи». Жиззахлик Зиннатой Маматқулова ҳаммадан эрта туради. Дасткалла ушлаб тутзорига йўл олади, зиммасидаги юки шарафли. Қурт боқиб илғор пиллакор номини олган меҳнаткаш аёлни Янгиободликлар «Темир хотин» дейишади. Ям-яшил баргларни қуртлари шивирлаб еганда шундан завқланади. Тутларнинг ўтинларини қишга ғамлайди, ҳар йили ҳовлисини пилла қуртларига бўшатиб бераверди. Унинг заҳматли меҳнати ипакларда, атласларда янада жило топмоқда.
— Деҳқончилик қонимда бор. Онам пиллакор бўлган, болалигимдан пилла боққанман, суягим деҳқончиликдан қотган, — дейди «Шуҳрат» медали соҳиби Зиннатой Маматқулова. — Меҳнатсевар оиланинг қизи бўлганим учун турмушга чиққандан кейин ҳам қийналмадим. Далага пахта чопиқларига чиқдим, пилла мавсумида пилла боқдик. Ҳатто чақалоғим бўлган вақтлар ҳам бекор ўтирган эмасман. Қўшниларимиз бир қути пилла қурти олишса, биз икки қути боқардик. Хонадонимизнинг 8 та хонаси шу иш учун ажратилган. Туманимизда пиллахона бор. Шу ерга етиштирганларимизни топшираман, кейин яна пилла қуртидан олиб келамиз. Мана, олтмиш йилдан ошибдики, пилла қурти боқаман. Ерга, пиллага меҳрим бўлакча. Президентимиз шу меҳнатларимни инобатга олиб, «Шуҳрат» медали билан тақдирлагани ҳаётимдаги энг қувончли воқеа бўлди. Юксак мукофотланганлар орасида саксон ёшни қаршилаган чўпон, темирчи аёлларни кўриб завқим ошди. Уларнинг ёшигача кўплаб имкониятим бор.
Зиннатой опа ҳар куни бир хайрли иш қилишга, оиласи ва одамларга нафи тегишга ҳаракат қилади. Ҳар бир ўтаётган кунини сарҳисоб қилади. Ўзи тикувчилик цехларида ҳам ишлади, ҳовлисига кўчатлар экиб, боғу гулзорга айлантирди. Ким ёрдам сўраса ёрдамини аямади. Турмуш ўртоғидан эрта айрилгандан сўнг ҳам фарзандларининг келажаги йўлида меҳнат қилишдан тўхтамади.
— Зиннатой опа фидойи, меҳнаткаш, ҳалол аёл. Маҳаллага ҳам кўп фойдаси тегади, — дейди маҳалла раиси Алишер Каримов. — Турмуш қийинчиликларига чидамай ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга кўмаклашади. Оила муқаддаслиги, инсон меҳнат билан улуғлиги, фарзанд тарбиясида оналар ўрни ва вазифаси ҳақида суҳбатлашади. Кам таъминланган оилаларга тез-тез эҳсон қилиб, озиқ-овқат етказиб беришда ёрдамини аямайди. Йигирма тўрт соат меҳнат қилишдан чарчамайдиган аёлга маҳалладагилар ҳавас қилишади.
Зиннатой опа оддий пиллакор эмас, қўли чевар ҳунарманд. Чопон, белбоғ, кашта тикишни ҳам жойига қўяди. Унга шогирд тушган қизларнинг ҳам қўл меҳнати орқали яратилган буюмлар ҳам харидоргир, ҳам қадрли. Элу юртга танилиш учун машҳурликка интилиш шартмас, шунчаки ўз касбининг қадрлаб ҳам кўпчиликнинг назарида бўлишни Зиннатой опанинг оддий ҳаётида кўриш мумкин. Юртимизда шундай фидойи инсонлар кўпайсин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг