Янги Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясига юксак эътибор қаратилиб, кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳам бахтиёр болалар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистонда ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфиятда нишонланади. Бу борадаги ишларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамизнинг турли ҳудудларида “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” шиори остида байрам тадбирлари ташкил этилиб, Меҳрибонлик уйлари ва “Оилавий болалар уйлари” тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва Ички ишлар идоралари ходимлари фарзандлари, чин етим ва эҳтиёжманд оилалар ўғил-қизларининг кўнгиллари кўтариб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида ўтказилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тантанали тадбирга Тошкент шаҳридаги 22- ва 30-Меҳрибонлик уйлари ҳамда SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари Тошкент филиалида тарбияланаётган болажонлар, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги Оилавий болалар уйлари ўғил-қизлари – жами 500 нафар ёш авлод вакиллари таклиф этилди.
Президентимиз ташаббуслари билан қайта тикланиб, халқимизга тақдим этилган мазкур муҳташам саройда болажонлар ҳарбий оркестр ва миллий мусиқа жамоалари ижросидаги куйлар садоси остида байрамона кутиб олинди. Ёш авлод вакилларига пешвоз чиққан турли эртак қаҳрамонлари иштирокида ташкил этилган маданий тадбир эса болажонлар қувончига янада қувонч қўшди. Сарой фойесида ўғил-қизлар турли ширинликлар ва салқин ичимликлар билан меҳмон қилинди.
Шундан сўнг болажонлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи қошидаги “Қалдирғоч” болалар санъат маркази ўқувчилари иштирокида Алишер Навоийнинг “Лисон ут тайр”, яъни “Қуш тили” достони асосида махсус саҳналаштирилган “Семурғ ҳақида афсона” номли мусиқали спектакль намойиш этилди.
Касаба уюшмалари саройи ижодкорлари саҳналаштирган мазкур спектакль орқали кўплаб тарбиявий ғоялар илгари сурилиб, ҳозирги кунда ҳам ёшлар тарбиясида долзарб аҳамиятга эга бўлган интилувчанлик ва қалб гўзаллиги, сахий ва меҳрибон бўлиш олий фазилатлар эканлиги, эзгуликнинг ёвузлик устидан доимо ғалаба қозониши тараннум этилди. Спектакль болажонларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Спектаклдан сўнг болажонлар Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида бўлдилар. Ёш авлод вакиллари байрам дастурхонига таклиф этилиб, маданий тадбирда ҳам иштирок этдилар. Ушбу маскан бўйлаб ташкил этилган саёҳат давомида ўғил-қизларга Миллий гвардия фахрий қоровул қўшинларининг, ҳарбий оркестр ва отлиқ аскарларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Буларнинг барчаси болажонларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларида меҳнаткашлар фарзандлари, махсус мактаб-интернатлар, кам таъминланган, кўп болали ва боқувчисини йўқотган оилаларда тарбия топаётган ўғил-қизлар учун худди шу каби маданий-маърифий ва тантанали байрам тадбирлари ташкил этилиб, болажонларга байрам совғалари топширилди.
Камолиддин ЭРГАШЕВ,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.
.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг