Самарқандда «Ёшлар туризми ҳафталиги» мазмунли саёҳатлар билан ўтмоқда
Самарқанд вилоятида ўқувчи ва талабаларнинг қишки таътил давридаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида «Ёшлар туризми ҳафталиги» доирасида музейлар ва тарихий обидаларга саёҳатлар уюштирилмоқда.
Саёҳатларга вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан, асосан ногиронлиги бўлган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган ҳамда фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчи-ёшлар жалб этилган. Шунингдек, ёш саёҳатчилар учун театр ва кинотеатрларда тарихий спектакллар ҳамда бадиий фильмлар намойиш этилмоқда.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида вилоятдан меҳнат миграциясига кетган фуқароларнинг фарзандлари ва уларнинг яқинлари учун Янги йил байрами муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Дастлаб иштирокчилар вилоят мусиқали драма театрида болажонлар учун саҳналаштирилган спектаклни томоша қилишди. Шундан сўнг шаҳарнинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор масканларига саёҳат уюштирилиб, ёшларга мадрасалар ва уларнинг барпо этилиш тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир байрам дастурхони атрофида давом этди ва болажонларга янги йил совғалари улашилди.
— Ўғлим хорижда бўлсада, давлатимиз эътиборини доим ҳис қилиб турибмиз, — дейди Оқдарё туманида истиқомат қилувчи Назокат Хидирова. — Айниқса, байрам кунларида фарзандларимизни эслаб, қўллаб-қувватлаётганлари учун миннатдормиз. Бу эътибор болаларга ўзларини ёлғиз эмаслигини, давлат ғамхўрлигини ҳис этиш имконини беради.
Миграция агентлиги вилоят филиали маълумотларига кўра, айни пайтда Самарқанд вилоятидан 170 минг нафарга яқин фуқаро меҳнат миграцияси мақсадида хорижий давлатларда фаолият юритмоқда. Уларнинг меҳнат фаолияти, яшаш шароити ва оилавий аҳволи Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, бандлик бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мунтазам ўрганилиб, зарур ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

«Ёшлар туризми ҳафталиги» доирасида ҳар куни вилоятнинг шаҳар ва туманларидан юзлаб ўқувчи-ёшлар Самарқанд шаҳрининг маданий мерос объектлари, музейлар, театр ва кинотеатрларига саёҳатга келмоқда.
— Ҳам саёҳат қиляпмиз, ҳам тарих фанидан билимларимизни бойитяпмиз, — дейди Жомбой туманидаги мактаб ўқувчиси Садоқат Абдураҳмонова. — Самарқанддаги тарихий обидаларни яқиндан кўриб, уларнинг тарихи билан танишдик. Айниқса, тут дарахти пўстлоғидан тайёрланадиган қоғоз ва ундан ясалган турли буюмлар, қўғирчоқлар менда катта таассурот қолдирди.
Қайд этиш жоизки, Янги йил байрами муносабати билан берилган дам олиш кунларида Самарқанд шаҳри сайёҳлар билан гавжум бўлди. Беш кун ичида шаҳарга 145 минг нафардан ортиқ маҳаллий ва 50 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.

Вилоят туризм бошқармаси маълумотига кўра, байрам кунлари аҳолининг диққатга сазовор масканларга саёҳатини рағбатлантириш мақсадида туризм соҳасида 30 фоизгача чегирмалар жорий этилди. Меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари, маданий мерос объектлари ва туроператорлар томонидан имтиёзли таклифлар тақдим этилди, қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилди.
Натижада Янги йил байрам кунлари Самарқандга жами 200 минг нафарга яқин маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг