Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Сирдарё вилоятида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида спорт таълими муассасаларида мураббийлар фаолияти, машғулотлар сифати ҳамда селекция ишлари ҳолатига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Мажлис кескин таҳлилий ва очиқ танқидий руҳда кечди.
Йиғилишда вилоят раҳбари яқинда спорт бошқармаси бошлиғи билан бўлган суҳбатни мисол қилиб келтирди. Унинг айтишича, сузиш ҳавзаси фаолияти ҳақида сўралганда «ишлаяпти» деган жавоб берилган, аммо амалда натижа йўқ.
— Бинода шароит бор, аммо натижа кўринмаяпти. Демак, муаммо бинода эмас, муаммо раҳбарда ва раҳбарнинг иш услубида, — деди Эркинжон Турдимов.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ёшларни спортга жалб этиш учун яратилган кенг имкониятлардан жойларда самарали фойдаланилмаяпти. Қамров, машғулот сифати ва натижадорлик ўртасида жиддий номутаносиблик мавжуд.
Хусусан, 2025 йил якуни таҳлилларига кўра, спорт мактабларида машғулотларга қатнашувчилар сони кескин камайган. Жумладан, Гулистон шаҳар спорт мактабида қисқа муддат ичида 670 нафар бола спорт машғулотларидан четлашган. Ховос ва Боёвут туманларида ҳам шунга ўхшаш салбий ҳолатлар қайд этилган. Вилоят ҳокими буни «спортга эмас, ҳужжатбозликка ишлаш оқибати» дея баҳолади.
Йиғилишда айрим мураббийларнинг машғулотларни хўжакўрсинга ўтказаётгани, болаларнинг машғулотларга қатнашмаслигига бепарволик билан қараётгани ҳам очиқ танқид қилинди. Айниқса, кўплаб мураббийларнинг йиллар давомида миллий чемпионат ва кубокларда совринли ўрин эгаллаган шогирди йўқлиги, миллий терма жамоага бирорта спортчи етказиб бермагани қаттиқ эътирозларга сабаб бўлди.
— Олимпия спорт турлари бўйича шароит мавжуд бўлишига қарамай, айрим шаҳар ва туман спорт мактабларида муҳим йўналишлар умуман йўлга қўйилмаган. Бу эса ёш иқтидорларни йўқотишга олиб келмоқда, — деди вилоят ҳокими.

Шунингдек, мураббийлар малакасини ошириш масаласи ҳам жиддий танқид қилинди. Маълум бўлишича, вилоят бўйича 80 нафардан ортиқ мураббий ҳалигача малака тоифасига эга эмас. Эркинжон Турдимов бу ҳолатни спорт бошқармаси томонидан назорат ва талабчанликнинг етишмаслиги оқибати сифатида баҳолади.
Йиғилиш якунида ҳар бир мураббий фаолиятини аниқ натижа асосида баҳолаш, сохта ҳисоботларга барҳам бериш, селекция ишларини маҳалладан бошлаб тизимли йўлга қўйиш ҳамда спорт соҳасида иш услубини тубдан ўзгартириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
— Ҳар бир ота-она фарзандини шунчаки банд бўлиб турсин деб спортга бермайди. У фарзанди тарбияланиб, ундан яхши спортчи чиқишини умид қилади. Тўғри тарбияланган бола юқори натижага эришади. Юқори натижага чиққан ёш спортчи эса жамият учун муҳим шахсга айланади, — деди вилоят раҳбари.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевни Янги йил билан қутлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг