Соловьёвнинг баёнотлари сабаб Россиянинг Арманистондаги элчисига норозилик нотаси топширилди

09:36 13 Январь 2026 Дунё
269 0

Россиянинг Еревандаги элчиси Сергей Копыркин телевидение бошловчиси Владимир Соловьёвнинг баёнотлари муносабати билан Арманистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда NEWS.am хабар бермоқда.

Унга давлат телеканалида эфирга узатилган дастур давомида айтилган баёнотлар сабаб чуқур норозилик ифодаланган расмий нота топширилди. Хабарда таъкидланишича, ушбу баёнотлар Арманистон Республикасининг суверенитетига нисбатан мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган тажовуз сифатида баҳоланган, душманона характерга эга экани ва Арманистон ҳамда Россия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг асосий тамойилларини қўпол равишда бузиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Соловьёв «Соловьёв Live» кўрсатувида Россия Федерациясининг «таъсир доираси» ҳақида гапириб, Арманистон ҳамда Марказий Осиё давлатларини тилга олган эди.

«Биз ҳозир Сурия ёки Венесуэла билан эмас, ўз позицияларимизни йўқотмаслик билан шуғулланишимиз керак. Аммо биз учун энг муҳими — қўшни давлатларнинг тақдири. Арманистонда нима бўлаётгани биз учун Венесуэладаги воқеалардан кўра анча оғриқли. Арманистонни йўқотиш — мана бу улкан муаммо. Осиёда, яъни Ўрта Осиёда, уни Марказий Осиё деб аташади, юзага келаётган ҳолат ҳам биз учун жуда катта муаммога айланиши мумкин. Биз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ белгилаб олишимиз шарт. Биз очиқ-ойдин айтишимиз керак: «Ўйинлар тугади». Халқаро ҳуқуқни ҳам, халқаро тартибни ҳам инобатга олмасак бўлади. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни бошлаш зарур бўлган бўлса, худди шу асосларда нима учун таъсир доирамизнинг бошқа нуқталарда ҳам шундай операцияларни бошлай олмаслигимиз керак? Балки биз миллий доктринамизни шакллантириб, ўз таъсир доирамиз қаергача эканини очиқ айтишимиз керакдир. Шунда ҳамма нарса ойдинлашади», — деди у.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер