Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурханов йил якунлари муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакилларидан келган саволларга жавоб қайтарди.
Савол: 2025 йил якунлари Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсати самарадорлигини қанчалик тасдиқлайди? Турли йўналишларда бир вақтнинг ўзида фаол ҳамкорлик олиб бориш мураккаблик туғдирмаяптими?
Жавоб: 2025 йил натижалари Ўзбекистон танлаган кўп векторли ташқи сиёсат йўлининг тўғрилигини яққол кўрсатди. Йил давомида биз Шарқ ва Ғарб, яқин ва узоқ ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантирдик. Бу ёндашув мураккаблик эмас, аксинча, ташқи сиёсатимизнинг асосий устунлигидир. Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик, суверенитетга ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойиллари асосида ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этади. Ўзбекистон учун асосий мезон – ҳамкорликнинг халқимиз фаровонлигига, минтақавий барқарорликка ва узоқ муддатли тараққиётга хизмат қилишидир. Айнан шу ёндашув мамлакатимизга глобал миқёсда ишончли ва очиқ ҳамкор сифатида эътироф этилиш имконини бермоқда.
Савол: Ўзбекистон Яман атрофидаги вазият бўйича қандай позицияни эгалламоқда?
Жавоб: Ўзбекистон Яман Республикасида кескинликни пасайтириш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари саъй-ҳаракатларини олқишлайди. Мамлакатимиз барча томонларни вазминликка, умуммиллий мулоқот орқали можарони тинч йўл билан ҳал этишга чақиради ҳамда Яман суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлашни муҳим деб ҳисоблайди.
Савол: Ўзбекистоннинг Ғазо секторидаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандай?
Жавоб: Ўзбекистон Ғазодаги вазиятни инсонпарварлик фожиаси сифатида баҳолайди. Тинч аҳолига қарши зўравонликни қатъиян қоралайди, ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувларга тўлиқ амал қилиш, гуманитар ёрдамни тўсқинликсиз етказиш ва можарони «икки халқ – икки давлат» тамойили асосида сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон жафокаш Фаластин халқига инсонпарварлик ёрдамини аямай келмоқда. Хусусан, 100 нафар фаластинлик беморлар даволаш учун юртимизга олиб келинди. Уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан махсус Фармон қабул қилинди.
Савол: Афғонистон масаласида Ўзбекистон 2025 йилда қандай аниқ сиёсат юритди?
Жавоб: Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий хавфсизликнинг ажралмас қисми деб ҳисоблайди. Мамлакатимиз 2025 йилда ушбу давлат билан иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни давом эттирди, транспорт ва энергетика лойиҳаларини қўллаб-қувватлади ҳамда инклюзив ҳукумат ва халқаро мажбуриятларга риоя этиш зарурлигини изчил таъкидлаб келди. Ўтаётган йилнинг ўзида 4 маротаба инсонпарварлик ёрдами юборилди. Куни кеч Ҳайратон шаҳрида 390 тоннани ташкил этган кўмак қўшниларимизга топширилди.
Савол: 2025 йилда Ўзбекистоннинг мигрантлар масаласи ташқи сиёсатда қандай ўрин тутди?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини қаерда бўлишидан қатъи назар, доимий ва изчил ҳимоя қилади — бу бизнинг қатъий ва ўзгармас позициямиз. Йил давомида ушбу масала бўйича хорижий давлатлар билан тўхтовсиз ва тизимли музокаралар олиб борилди. Имкониятлар географиясини кенгайтириш, юқори даромадли ва ижтимоий ҳимоя қилинган иш ўринлари билан таъминлаш устувор йўналишларимиздан. Мулоқотлар натижасида меҳнат мигрантларимизнинг ҳуқуқий мақоми, меҳнат шароитлари, ижтимоий ҳимояси ва қонуний манфаатларига хизмат қиладиган 100 дан ортиқ аниқ келишувларга эришилди. Бу келишувлар қоғозда қолиб кетмади — улар амалда фуқароларимиз дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш, уларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга қаратилди. Ўзбекистон бу борадаги саъй-ҳаракатларини келгусида ҳам қатъият билан давом эттиради.
Савол: Тошкент Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятнинг ривожланишига қандай қарамоқда?
Жавоб: Россия ва Украина ўртасидаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Икки мамлакат ўртасидаги можарони ҳал этиш йўлидаги музокаралар жараёнида кузатилаётган ижобий динамика ва мулоқотни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишлаймиз. Музокаралар орқали ўзаро мақбул ечимларга эришиш, мулоқотни давом эттириш ва кескинликни кучайтирувчи ҳар қандай қадамлардан тийилиш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Тинчлик, барқарорлик ва узоқ муддатли ечимга хизмат қиладиган барча конструктив ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз.
Савол: 2025 йилда Марказий Осиё минтақасининг глобал майдондаги аҳамияти сезиларли даражада ошди. Ушбу жараённинг асосий омиллари нималардан иборат ва бу ўзгаришлар қандай оқибатларга олиб келмоқда?
Жавоб: 2025 йилда Марказий Осиёнинг глобал ролининг ошиши бир қатор ўзаро боғлиқ омиллар билан изоҳланади. Аввало, минтақа давлатларининг ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, минтақавий интеграцияни чуқурлаштиришга ва очиқ, мувозанатли ташқи сиёсат юритишга қаратилган умумий саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият эътиборини кучайтирди. Энергетика ресурслари, муҳим хомашё захиралари ҳамда ёш ва ўсиб бораётган бозорлар глобал иқтисодиёт учун қўшимча қизиқиш уйғотмоқда. Мазкур жараёнларнинг натижалари сифатида Марказий Осиёнинг йирик давлатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорлиги кенгайиб, минтақа учун янги имкониятлар очилмоқда. Умуман олганда, Марказий Осиёнинг глобал ролидаги кучайиш уни халқаро муносабатларнинг тобора муҳим субъектига айлантирмоқда.
Савол: 2025 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда сезиларли бурилиш кузатилди. Бу ўзгаришларнинг асосий сабаби нимада?
Жавоб: 2025 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлардаги ижобий бурилиш, энг аввало, икки мамлакат раҳбарлари ўртасида шаклланган очиқ, ишончли ва илиқ мулоқот билан боғлиқ. Давлат раҳбарлари даражасидаги мунтазам ва мазмунли алоқалар икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Ҳар икки томон ҳам ўз халқларининг манфаатларини устувор деб билган ҳолда, ўзаро манфаатли, прагматик ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Шу ёндашув асосида сиёсий мулоқот фаоллашмоқда, иқтисодий алоқалар кенгаймоқда, инвестиция, хавфсизлик, таълим ва гуманитар соҳаларда аниқ ва амалий натижаларга эришилмоқда. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги бугунги муносабатлар ўзаро ҳурмат, тенглик ва реал манфаатларга таяниб, барқарор ривожланишда давом этмоқда.
Савол: Ўзбекистон фуқаролари учун хорижий давлатлар билан визаларни енгиллаштириш борасида ҳозир қандай ишлар олиб борилмоқда?
Жавоб: Фуқароларимизнинг хорижий мамлакатларга киришда қулайликлар яратиш масаласи Ташқи ишлар вазирлигининг доимий диққат марказида. 2025 йилда олиб борилган фаол музокаралар натижасида Ўзбекистон фуқаролари учун Хитой ва Иордания билан визасиз режим жорий этилишига эришилди. Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари 35 та давлатга визасиз сафар қилиши мумкин, шундан 31 та давлатга тўлиқ визасиз кириш имконияти мавжуд. Яна 42 та давлат билан соддалаштирилган кириш режимлари амал қилмоқда – уларнинг аксариятида келганда виза ёки электрон виза тизими жорий этилган. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор давлатлар билан ишчи ва туристик визаларни енгиллаштириш бўйича музокаралар изчил давом эттирилмоқда. Бу борадаги ишлар босқичма-босқич, аниқ натижаларга йўналтирилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг