«Самарқанд шаҳри — 2025 йил Ислом дунёси маданий пойтахти»

13:55 28 Май 2025 Жамият
94 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳри яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилди. Буюк ипак йўли халқаро туризм марказида «Ислом дунёсининг маънавий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва ҳамжиҳатлик» халқаро форуми ҳамда «Самарқанд шаҳри — 2025 йил Ислом дунёси маданий пойтахти» тадбирлари бўлиб ўтди.

Унда ICESCO ташкилотига аъзо дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларидан вакиллар, халқаро ташкилот ва муассасалар масъуллари, юқори даражадаги расмийлар иштирок этди. Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, ICESCO бош директори Салим бин Муҳаммад Ал-Малик сўзга чиқди.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёрқин қараши сабабли Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилиб, Ўзбекистон ислом маданиятининг фахри бўлди, — деди ICESCO бош директори, доктор Салом Бин Муҳаммад Ал-Малик. — Мазкур халқаро форум ҳам дунё маданияти вакилларини бир ғоя ва мақсад сари бирлаштирди. Ҳамжиҳатлик ва ижодий алоқаларни мустаҳкамлади.

Ўзбекистон ICESCO ташкилотига аъзо бўлганига қисқа фурсат бўлишига қарамасдан, ўтган давр мобайнида ҳамкорликда жуда катта лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, ICESCO томонидан 2007 йилда Тошкент шаҳри, 2020 йилда Бухоро шаҳри «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳамда ICESCO ташкилоти билан ҳамкорликда 2021 йил сентябрь ойида Хива шаҳрида «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» номли халқаро маданий форум ўтказилди.

2023 йилнинг 25-27 сентябрь кунлари Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Ислом дунёси маданият вазирларининг 12-конференциясида 2025 йилда Самарқанд шаҳри «Ислом дунёси маданий пойтахти» сифатида эълон қилинди.

Самарқандда ислом олами маданият вазирлари иштирокида ўтган «Ислом дунёсининг маънавий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва ҳамжиҳатлик» мавзуидаги халқаро форумда Самарқанд «Ислом дунёси маданий пойтахти» деб эълон қилиниши муносабати билан рамзий байроқ ва статуэтка тантанали равишда топширилди.

Халқаро форум доирасида Буюк ипак йўли халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуасида «Самарқанд шаҳри — 2025 йил Ислом дунёси маданият пойтахти» тадбирларининг тантанали очилиш маросими ва концерт дастури бўлиб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?