Қалбларга умид чироғини ёққан манзилли ёрдам

10:55 17 Июнь 2025 Жамият
124 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкент тумани «Кўлхатиб» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 5300 дан зиёд аҳоли яшайди. Шундан 114 нафари ногиронлиги бўлган шахслар, 89 нафари эҳтиёжманд оила вакиллари саналади. 86 ёшли Ойсара Давлатованинг оиласи ҳам шулар сирасига киради.

Ойсара ая юргани қийналиб қолган. Оиланинг топиш-тутиши ҳаминқадар. Хонадоннинг шарт-шароитини ўрганган маҳалла ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази бу оилани «Камбағаллик реестри»га киритди. Аввало, ёши бир жойга бориб қолган аяга келини Рисолат Шомуродова расмий қаровчи сифатида бириктирилди. »Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

— Рисолат опанинг ўғли Олтинжонга шифокорлар саратон касаллиги ташхисини қўйишган, — дейди маҳалла ижтимоий хизмат кўрсатиш ходими Мунира Жамилова. — У ногирон сифатида рўйхатга олинди. Бу унга қўшимча ижтимоий хизматлар кўрсатиш имконини берди. Бундан ташқари, Рисолат опанинг келинига реферал хизмат асосида тикувчилик машинаси хариди учун имтиёзли кредит ажратилди. Натижада оиланинг даромад топиши учун кичик бир манба юзага келди.

Турмуш ташвишлари олдида калаванинг ипини йўқотиб қўйган кишига баъзан бир оғиз сўз ҳам мадад бўлади. Маҳаллада яшовчи бошқа эҳтиёжманд кишилар ҳам марказ фаолларининг доимий эътиборида. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган манзилли ёрдам Ойсара опага ўхшаган юртдошларимизнинг кўзига нур, қалбига умид бағишламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер