Ўзбекистонлик кардиожарроҳлар америкалик мутахассислар билан ноёб жарроҳлик амалиётига қўл урди

15:46 30 Май 2025 Жамият
150 0

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида АҚШнинг “FastWave” компанияси вакиллари иштирокида юракда  юқори технологияли ноёб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Ўзбекистонлик кардиожарроҳлар билан ҳамкорликда юрак ишемик касаллиги ва мураккаб коронар томир зарарланиши ҳолатлари бўлган беморларга илғор лазерли литотрипсия усули орқали стент ўрнатилди.

Авваллари, коронар артериялар (юрак қон томирлари) чуқур ва кўп жойдан зарарланган беморларда мини инвазив жарроҳлик усулларини амалга ошириш деярли имконсиз эди. Аммо, энди бунинг имкони бор. Марказда америкалик шифокорлар билан биргаликда ўзбекистонлик кардиожарроҳлар томонидан қон томирлардаги кальцийли тўпланмаларни хавфсиз тарзда парчалаш имконини берувчи инновацион лазерли литотрипсия усули амалга оширилди ва қон айланишини тиклайдиган стентлар муваффақиятли ўрнатилди.

Албатта, бундай замонавий жарроҳлик амалиётларининг муваффақиятли ўтказилиши мамлакатимиз тиббиёти йил сайин ривожланиб, халқаро стандартлар даражасига чиқиб бораётганининг яққол исботидир.

 — Мазкур юқори инновацияга асосланган жарроҳлик амалиёти мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими учун муҳим тарихий воқеадир, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Хуршид Фозилов. — Бугунги жарроҳлик амалиёти бу шунчаки тиббий ютуқ эмас, балки ўзбек юрак жарроҳлиги ривожланишида яна бир муҳим қадамдир. Эътиборга молик жиҳати марказимизда фаолият олиб бораётган малакали жарроҳларимиз замонавий технологиялар билан ишлашда юксак профессионаллик кўрсатди, америкалик мутахассислар билан елкама-елка туриб ишлади. Биз фақат янги тажрибани ўрганиш билан чекланмаяпмиз, балки уни чуқур ўзлаштириб, амалиётда самарали қўллаяпмиз. Шуни ишонч билан айта олманки, Янги Ўзбекистон бугунги кунда замонавий юрак жарроҳлиги соҳасида нафақат илгариламоқда, балки минтақавий етакчига айланиш сари дадил қадам ташлаяпти, десак муболаға бўлмайди.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, литотрипсия жарроҳлик амалиёти ўқув-амалий клиник дастур доирасида амалга оширилди. Ўзбекистонлик шифокорлар нафақат амалий кўникма олди, балки жаҳондаги илғор мутахассислардан бевосита тажриба ўрганиш имкониятига эга бўлдилар. Бу эса мамлакатимизда фаолият юритаётган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказини нафақат миллий, балки минтақавий миқёсда ҳам жозибадор ва ишончли даволаш масканига айлантиришга хизмат қилади. Асосийси, энди фуқароларимиз юқори малакали, халқаро стандартларга жавоб берадиган шу каби жарроҳлик амалиётлари тиббий хизматларни хорижга чиқмасдан, Ўзбекистоннинг ўзида олиш имкониятига эга бўлади.

Республика ихтисослаштирилган кадиология илмий-амалий тиббиёт маркази ўз фаолиятида халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва илғор технологияларни фаол жорий этишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бундай ташаббуслар нафақат инсон ҳаётини сақлаб қолишга, балки мамлакатда тиббий хизмат сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Умуман, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда тиббиёти ривожланган давлатлардаги каби энг илғор инновацион тараққиётга эришиш борасида жиддий қадамлар ташланмоқда. Ушбу кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳам замонавий жарроҳлик усуллари ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида янги босқичга кўтарилди ва минтақада етакчи марказлардан бирига айланмоқда.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?