Ўзбекистон нотариусларининг II миллий конгресси бўлиб ўтди

19:10 31 Май 2025 Жамият
279 0

Наманган шаҳрида Ўзбекистон нотариусларининг II миллий конгресси ўтказилди.

Конгресс «Кўчмас мулк: Расмийлаштириш. Муаммолар. Таклифлар» мавзусида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Д.Ашуров модераторлик қилди.

Тадбирда 10 га ташкилот ва муассасалардан 300 дан ортиқ иштирокчилар иштирок этишди. Жумладан, Адлия вазирлиги, суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Юристлар малакасини ошириш институти, Кадастр агентлиги ва нотариат соҳасидан миллий экспертлар, шунингдек Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан нотариуслар қатнашишди.

Шу билан бирга, тадбирда Россия, Арманистон ва Озарбайжон давлатларидан хорижий экспертлар ҳам иштирок этишди. Конгрессда кўчмас мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ долзарб муаммоли масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, Адлия вазирлиги бошқармаси бошлиғи М.Хатамов «Кўчмас мулкни рўйхатга олишнинг ўзига хос хусусиятлари» мавзусида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Саидов «Мулк ҳуқуқларини рўйхатга олишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш» мавзусидаги маърузалар қилишди.

Иштирокчилар айниқса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидовнинг маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.

Нотиқ ўз нутқида янги таҳрирдаги Конституциянинг 65-моддасида Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши, хусусий мулкнинг дахлсизлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлади ҳамда Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг конституциявий асослари яратилганлигини айтиб ўтди.

Шу билан бирга Конгресс иштирокчилари диққатини учта долзарб муаммога қаратди. Булар ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг барқарор эмаслиги, мулкдор ўз мулкидан эркин фойдаланишни чеклайдиган ҳолатларнинг мавжудлиги, мулкдорга етказилган зарар расман тан олинсада уни ундириш жараёнининг мураккаблигидир.

«Бу муаммоларни ҳал қилиш – Инсон ҳуқуқларини таъминлашдир. Нотариал ҳаракатларнинг мақсади ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлашдан иборат. Инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш жуда долзарб. Нотариал палата билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ўртасида бугун имзоланадиган меморандум ана шу мақсадларга қаратилган. Шу билан биргаликда Нотариал палата ҳузурида Ахборот-ресурс маркази ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу марказлар вилоятлар марказларида ҳам бўлади ва аҳолининг долзарб саволларига ҳуқуқий маслаҳатлар бериладиган марказлар бўлади. Шу билан бирга нотариуслар малакаларини ошириш, илмий ишлар қилиш бўйича режалар қилинган», — деди Акмал Саидов ўз сўзида.

Давлат кадастрлари палатаси Бино ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аҳад Насритдинов ўз маърузасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш борасидаги янгиликлар ва мавжуд муаммолар масаласига тўхталиб ўтди.

Конгресс доирасида Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбирда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги нотариус Ў.Мухторовнинг «Кўчмас мулкни рўйхатга олиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзусидаги маърузаси тингланди. Нотариус ўз амалиётларида учраб турадиган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича конкрет таклифларни илгари сурди.

Иштирокчилар нотариал тасдиқланган битимлардан келиб чиққан низоларни ҳал этиш билан боғлиқ суд амалиёти ҳақида Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Н.Аҳадованинг маърузасини қизиқиш билан тингладилар.

Шунингдек, хорижлик меҳмонлар кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш борасида ўзларининг тажрибалари ҳақида ўртоқлашдилар.

Конгресс якунлари бўйича кўчмас мулк билан ишлашда замонавий усулларни янада ривожлантириш ва жорий этиш истиқболлари белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?