Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси Осиё чемпионати финалига чиқди

15:12 11 Февраль 2025 Спорт
239 0

Айни кунларда Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида ампутантлар футболи бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Илк бор ташкил этилаётган ушбу қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муносиб иштирок этмоқда.

Ҳамюртларимиз мусобақанинг илк турида Индонезияга қарши майдонга тушиб, 8:1 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, иккинчи турида Непал жамоаси дарвозасига жавобсиз 13 та гол киритди.

Ўзбекистон терма жамоаси 3-тур баҳси доирасида мезбон спортчилар, Бангладеш термасига қарши ўйнади ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа гуруҳда 9 очко жамғарган вакилларимиз чемпионат ярим финалини нақд қилди. Мазкур баҳс эса бугун, 11 февраль куни бўлиб ўтди. Унда анъанага мувофиқ, ироқлик спортчилар йирик ҳисобда мағлуб этилди.

Ироқ терма жамоаси дарвозасини 3 марта ишғол қилган Ўзбекистон вакиллари баҳс давомида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва финал йўлланмасини қўлга киритди.

Финалда жамоа эртага, 12 февраль куни Индонезия ёки Непалга қарши баҳс олиб боради.

Маълумот учун, Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси Жаҳон чемпионати тарихида еттита медални: учта олтин (2007, 2010, 2012), битта кумуш (1998) ва учта бронза (1991, 2002, 2022) қўлга киритган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?