Маҳалла йўллари равон бўлди, энди навбат стадион қурилишига

11:47 27 Март 2025 Жамият
87 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси аҳоли истиқоматгоҳлари инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ечимига молиявий имконият яратиши билан афзаллигини намойиш этмоқда. Тўрақўрғон туманидаги Бордимкўл маҳалласи аҳли ушбу лойиҳанинг кейинги йиллардаги мавсумларида икки бор ғолиб чиқиб, ички йўлларни таъмирлаш имкониятини қўлга киритган эди. Эндиликда етти километрга яқин узунликдаги йўллар равонлашган, маҳаллий бюджетдан ажратилган каттагина маблағ эвазига уларга асфальт қопламаси ётқизилди.

— Маҳалладошларимизнинг аҳиллиги «Ташаббусли бюджет»нинг куни кеча натижалари эълон қилинган навбатдаги мавсумида яна бир карра исботини топди, — дейди «Бордимкўл» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Жамшидбек Болтабоев. — Ҳудудга замонавий стадион қуриш бўйича киритган навбатдаги лойиҳамиз олти мингдан ортиқ овоз билан ижобатини топадиган бўлди.

Қувончли хабар маҳалла аҳлини янада шодлантирди. Унга кўра, маҳаллада усти ёпиқ футбол, волейбол ва баскетболга мўлжалланган спорт майдонлари қуриш лойиҳаси 1 миллиард 450 миллион сўм маблағ билан молиялаштирилади. Бу, ҳудуддаги икки мингдан зиёд ёшларнинг яқин вақт ичида жисмоний етуклик машғулотлари билан оммавий равишда шуғуллана бошлаши учун бекаму кўст имконият яратилади, деганидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?