Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?

15:52 21 Ноябрь 2025 Жамият
149 0

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Шу кунларда Тошкент шаҳри ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида етакчи ўринларда қайд этиб келинмоқда. Шу муносабат билан мутахассислар аҳолини эҳтиёт чораларини кўриш, очиқ ҳаводаги фаолликни чеклаш ва ниқоб тақишга чақирмоқда.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматик станциялари маълумотларига кўра, бугун, 21 ноябрь куни соат 09:00 да олинган мониторинг маълумотларига асосан, шаҳри атмосфера ҳавосида PМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори рухсат этилган меъёрдан 3,1 баробар юқори қайд этилди.

AQAir портали рейтингида бугун, 21 ноябрь куни соат 14:00 ҳолатига кўра, Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида 2-ўринда қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида эса Бешёғоч станцияси ҳавоси энг ифлосланган жой сифатида кўрсатилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармаси томонидан пойтахт аҳолисини ташвишга солаётган мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида йўл қопламасига сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

Ҳокимлик, шунингдек, бу йилги фавворалар мавсуми тугаган бўлишига қарамай, пойтахтдаги барча фавворалар ҳамда микроиқлим қурилмалари ишга туширилаётганини билдирди.

Таъкидланишича, шаҳар муҳитининг юқори чангланиши шароитида энг тезкор самарали чоралардан бири — йўл қопламаси ва унга яқин ҳудудларни намлашдир. Бу усул илмий асосга эга бўлиб, дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида ифлосланиш авж олган даврларда қўлланилади.

Айтиш жоизки, йўлларга сув сепиш муаммони бутунлай ҳал қилмайди, аммо бир неча соат ичида чанг миқдорини сезиларли даражада камайтирадиган тезкор чора ҳисобланади. Шу сабабли, ҳокимият томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тизимли ишлар билан бир қаторда:

• иссиқхона хўжаликларида рейдлар ўтказиш,

• қозонхоналарга фильтрлар ўрнатиш,

• экологик назоратни кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Йўлларга сув сепиш ҳам шаҳарда ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисмидир.

Нега бу усул самарали?

Чанг зарраларини камайтириш

Ҳаво ифлосланишининг асосий манбаи — PМ10 ва PМ2.5 ўлчамдаги майда чанг зарраларидир. Йўл намланганда ушбу майда заррачалар сув билан аралашиб, ерга чўкади ва атмосферага қайта кўтарилиб кетишининг олди олинади.

Иккинчи даражали чангланишни камайтириш

Автомобиллар ҳаракатланаётганда йўл юзасидаги қуруқ чанг доим кўтариб туради. Намланган йўл эса «иккиламчи чангланиш»ни сезиларли камайтиради. Халқаро тадқиқотларга кўра, бу кўрсаткич шаҳар PМ чиқиндиларининг 25–40 фоиз ини ташкил қилиши мумкин.

Микроиқлимни совитиш

Йўлларга сув сепиш ва яшил зоналарнинг суғорилиши ҳароратни пасайтиради. Юқори ҳароратда чанг ҳавода узоқроқ вақт сақланиб қолади, ифлослантирувчи моддалар кимёвий реакциялари тезлашади. Намлаш эса бу жараённи секинлаштиради ва заррачаларнинг тезроқ чўкишини таъминлайди.

Яшилликни қўллаб-қувватлаш

Ифлосланишнинг юқори даврларида дарахт ва буталарни суғориш — фақат парвариш эмас, балки шаҳар табиий фильтрларини қўллаб-қувватлашдир. Ўсимликлар чангни барглари орқали ушлаб, ҳаводаги PМ миқдорини камайтиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер