Газ ва электр энергияси учун компенсация йил бўйи тўланади – аризалар қабул қилиш бошланди

15:15 06 Июнь 2025 Жамият
158 0

2025 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр энергияси учун йил давомида компенсация тўлаш тартиби амалиётга жорий қилинди.

Авваллари бу ёрдам фақат қиш ойларига — ноябрдан февралгача мўлжалланган бўлса, эндиликда компенсациялар ҳар ойда доимий тарзда тўлаб берилади. Бу эса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун муҳим енгилликдир.

1 июндан эътиборан ариза топшириш жараёни бошланган. Компенсациялар биринчи навбатда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ажратилади.

Бунда асосий мезон – оила аъзоларига тўғри келадиган ойлик даромад миқдори 669 минг сўмдан кам бўлиши ҳисобланади. Шу билан бирга, юқоридаги реестрларга кирмаган, аммо мол-мулки кам ва ойлик даромади ҳар бир аъзога 1 миллион сўмдан кам бўлган оилалар ҳам ушбу имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Расмий маълумотларга кўра, 2024–2025 йилги иситиш мавсумида кам таъминланган оилаларга 313,6 миллиард сўм миқдорида ёрдам ажратилган. Янги тизим жорий этилиши билан эса 2025 йил давомида умумий 1 триллион 330 миллиард сўм миқдорида компенсация ажратилиши режалаштирилган. Бу эса ижтимоий тенглик ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Аризалар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар орқали ёки 1140 қисқа рақами орқали қабул қилинади. Мазкур механизм эҳтиёжманд қатламлар эҳтиёжини самарали қондириш ва энергия харажатларининг бир қисмини қоплашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?