Фарғонада мева-сабзавотлар фитосанитария лабораторияси таҳлилидан ўтказилмоқда

10:21 13 Июнь 2025 Жамият
194 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида экспортёр корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида фитосанитария лабораторияси ташкил этилган.

Айни пишиқчилик мавсумида Олтиариқ, Қува ва Ўзбекистон туманида экспортга кўмаклашувчи вилоят штаби филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Экспорт жараёнида тезкорлик ва қулайлик яратиш мақсадида сайёр мобил лаборатория ҳам фаолият кўрсатиб, малакали мутахассислар бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда тадбиркорларга кўмаклашади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланган медиа-режага асосан ўтказилган навбатдаги пресс-турда шу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар моҳияти тушунтирилди.

Тадбир режасига кўра, ОАВ вакилларига Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида амалга оширилаётган фитосанитария фаолияти ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Журналистлар бошқарма тасарруфидаги фитосанитария лабораториясида зараркунанда ва касалликларни аниқлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, замонавий жиҳоз ҳамда техника воситаларини кўздан кечиришди. Мутахассислар томонидан амалий иш жараёни кўрсатиб ўтилди.

— Бу ерда Фарғона водийсида ягона бўлган ускуналар ёрдамида турли зараркунанда ва касалликларни аниқлаш имкони мавжуд, — дейди фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Маҳмудов. — Ҳозирги кунда лабораторияда экспорт қилинаётган ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини текшириб, тегишли экспертиза хулосасини бериш йўлга қўйилган.

Замонавий асбоб-ускуналар оддий қурилмаларда аниқлаб бўлмайдиган вирусли ва бактериологик касалликларни аниқлаш имконини беради. Шу мақсадда АҚШ, Полша, Туркия, Хитой, Латвия, Россия ва Германиядан олиб келинган 20 турдаги ускуналар ёрдамида гербологик, энтомологик, фитопатологик текширувлар олиб борилмоқда. Ўз навбатида, сайёр мобил лаборатория орқали ҳам ана шундай текширувлар ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?