Электрдан нооқилона фойдаланган корхона жаримага тортилди

15:14 14 Июнь 2025 Жамият
226 0

Электр энергиясидан нооқилона фойдаланиб келган корхона жаримага тортилди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар қилди.

«Ўзенергоинспекция» Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Тўрткўл туманида жойлашган «Т.» АЖ томонидан реактив қувватни компенсация қилмасдан, электр энергиясидан самарасиз ва нооқилона фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.

Ушбу қоидабузарлик натижасида Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли Қонунининг 45-моддаси бўйича ҳисоб-китоб қилиниб, 108,5 миллион сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилди.

Таъкидлаш жоиз, реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартибини бузиш ёки унга риоя этмаслик – асбоб-ускуналар ёки норматив усуллар билан аниқланган исроф бўлган электр энергияси миқдори қийматининг 50 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Аввалроқ маиший газ баллонлари техника ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мутлақо зид равишда сақланаётганлиги тўғрисида ҳам хабар қилинганди.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Касби «Денов» МФЙда фаолияти тўхтатилган сервис марказида маиший газ баллонлари ноқонуний тарзда, техника ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мутлақо зид равишда сақланаётган бўлган.

Хусусан, ушбу фаолияти тўхтатилган сервис марказида жами 206 дона газ баллон (жами 4120 кг суюлтирилган углеводород гази тўлдирилган газ баллонлари) ноқонуний сақланаётганлиги аниқланди. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?