«Болам, энди сира бўлмайди уруш...»

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни пайтда Фарғона вилоятида Иккинчи жаҳон урушида фаол қатнашган 6 нафар фахрий умргузаронлик қилмоқда. Улардан бири — Фарғона туманида истиқомат қилаётган 103 ёшли Орифжон ота Мўминовдир.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур қаҳрамоннинг хонадонда меҳмон бўлиб, у билан самимий суҳбатлашди. Ташриф чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг уруш фахрийсига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбари фармонига асосан ажратилган пул мукофоти, эсдалик совғалари ва «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги» эсдалик юбилей медали тантанали тарзда топширилди.
— Урушнинг илк кунларидан жангга кирган уч нафар акамдан кетма-кет қорахат келди. Шунинг сўнг 1944 йили 18 ёшимда урушга кетиб, танкчи сифатида Европа давлатларини фашизмдан озод қилишда, кейин япон уруши қатнашиб, 1947 йили қадрдон ота юртимга қайтдим, — дейди отахон. — Шундан сўнг қишлоқ хўжалигида ишлаб, 40 йил трактор миндим. 15 нафар фарзанд тарбиялаб, элу юртга қўшдик.
Орифжон ота Президент ғамхўрлиги билан 2017 йили муборак ҳаж зиёратини амалга оширгани, 2021 йилда пойтахтимизда ўтказилган Ғалаба байрамида давлат раҳбари билан суратга тушгани ва сўнгги йилларда Европанинг бир қатор давлатларини зиёрат қилгани ҳақида ҳам сўзлаб берди. Уруш ва меҳнатдаги хизматлари учун давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотланган.
— Болаларим, энди сира уруш бўлмасин, — дейди кўз ёшларини яширмасдан, ҳовлидаги болажонларга меҳр билан тикилар экан. — Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка ҳар доим шукрона айтайлик.
Шу куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошқа уруш қатнашчилари хонадонларига ҳам ташриф буюриб, Президентимизнинг байрам табригини етказди, шунингдек, пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини топширди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг