«Бизга кенгроқ имконият беринг»

19:09 30 Апрель 2025 Жамият
173 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Баъзан арзимас муаммолар туфайли таслим бўламиз. Бундай пайтларда биздан ҳам ҳаёти қийинроқлар борлиги хаёлимизга келмайди. Улар ўз атрофидаги тўсиқларни енгиб ўтишга кучни қаердан олишади? Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Саодат Денов текстиль» тикувчилик корхонасида меҳнат қилаётган ишчиларнинг 11 нафарини ногиронлиги бор аёллар ташкил этади. Уларга ҳеч ким шикастланган одамлар каби муносабатда бўлмайди.

— Омонат ҳаётни қандай яшаб ўтиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ, — дейди Денов тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими Нурмаҳмат Абдуллаев. — Жисмонан соғлом бўлсада, жамиятда ўз ўрнини топа олмаганлар қанча? Тўрт мучаси соғ бўла туриб, идорама-идора ёрдам сўраб юрганларчи? Аммо шундай инсонлар ҳам борки, имконияти чекланган бўлсада, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини олий инъом деб билади. Яримтагина вужуди билан тиним билмай меҳнат қилади, ҳар бир кунига шукрона айтади. Айнан «Саодат Денов текстиль»да шундай хотин-қизларни учратасиз.

Бежирим либослар, ишчилар махсус кийими, мактаб формаси, кўрпа-тўшак ва уларнинг жилдларини ишлаб чиқараётган корхона тумандаги «Водий» маҳалласида тадбиркор Зарина Тошмуродова томонидан 2020 йилда ташкил этилган эди. Ўтган қисқа вақтда корхона маҳсулотлари ўз харидорларини топиб улгурди. Корхонада иш қизғин, тикиш-бичишда танаффус бўлмаяпти. Энг муҳими, маҳсулотларни сотиш учун бозорма-бозор югурилмаяпти.

— Айни пайтда цехимизда ишлаётган 19 нафар хотин-қизнинг 11 нафарини ишга лаёқатли ногиронлиги бўлган аёллар ташкил этади, — дейди Зарина Тошмуродова. — Улар иш ҳажмига қараб, уч миллиондан беш миллион сўмгача ойлик даромад топмоқда. Дастлаб иш бошлаганимизда буюртмалар кам бўларди. Ишчилар сони ҳам шунга яраша эди. Ҳар йили турли саноат кўргазмаларида иштирок этардим, лекин фойдалилиги сезилмасди. «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази кўмаги билан ишга лаёқати бор ногирон аёлларни иш билан таъминладим. Ўтган йилдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилаётган «Имконияти чекланган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар» савдо ярмаркасида иштирок этяпман. Ушбу ярмарка орқали 2 миллиард сўмдан 4 миллиард сўмгача бўлган шартномалар туздим. Ҳатто маҳсулотларимиз қўшни Тожикистон республикасига ҳам экспорт қилинишига эришдик.

Гулноза Юсупова иккинчи гуруҳ ногирони. У бир ярим йилдан бери ушбу цехда ишлайди. Бугун у жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида меҳнат қилаётганидан хурсанд:

— Президентимизнинг инсонпарвар сиёсати мен каби ногиронлиги бор аёлларни ҳаётга бўлган интилишини кучайтирди. Яшаш ҳудудимдан узоқ бўлмаган жойда ишлаб, даромад топяпман. Корхонамизда барча шарт-шароитлар яратилган, меҳнат қилишга қулай муҳит бор. Қанча кўп маҳсулот тиксак, шунча кўп даромад топамиз. Масалан, мен 2-3 миллион ойлик оляпман. Бу пул оиламга қўшимча даромад бўлиб, яхши ҳаёт кечириш имконини беряпти. Бизга янадан кенгроқ имконият берилса, соғлом одамлар каби меҳнат қилишга тайёрмиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?