Адлия вазирлиги: ўтган йили 2 554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди

Бугун, 7 февраль Адлия вазирлиги биносида “Адлия вазири жамоатчилик олдида ҳисобот беради» номли журналист ва блогерлар учун ҳисобот учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбир вазирлик томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар, келгуси режалар, йўлга қўйилиши кутилаётган янги лойиҳалар тўғрисида ОАВ ва жамоатчиликни хабардор қилиш, медиа ҳамжамият билан яқин мулоқот ўрнатиш мақсадида ташкил этилди.
Унда «Адлия: шонли 30 йил» ва «Адлия ҳисобот беради: 2021 йил сарҳисоб ва режалар» китоблари ва бошқа ҳуқуқий мавзудаги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Ҳисобот тадбирида адлия вазири Русланбек Давлетов вазирлик фаолияти бўйича 2021 йилда амалга оширилган ишлар, норма ижодкорлиги соҳасидаги муаммолар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, адлия органлари ва муассасалари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан 18 та қонун ҳужжати қабул қилинди, вазирлик зиммасига қонун ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишларни олиб бориш ва жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш вазифаси юклатилди.
Вазирлик 2021 йил давомида бир қатор ютуқларга эришди ва эътирофга сазовор бўлди. Хусусан:
- ISO 9001 сифат назорати менежменти халқаро стандарти сертификатига лойиқ деб топилди;
- Вазирликнинг фейсбук, телеграм ва инстаграмдаги саҳифалари расмий белгига эга бўлди;
- «Гендер тенглик фаоли» миллий кўрик танловида «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган» номинасиясида ғолиб бўлди;
- «ЙИЛ ТАНЛОВИ — 2021» танловида «Йилнинг энг намунали вазирлиги» бўйича 1-ўринни эгаллади.
2021 йил давомида адлия органларига 124 миндан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларида 50 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган, 174,5 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағлари қонуний эгаларига қайтарилган, давлат органлари ва ташкилотларининг 19 462 та ҳужжатлари бекор қилинган ёки ижроси тўхтатилган.
Вазирлик томонидан 2 554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган, 1 606 та лойиҳалар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, розилик имзоси қўйилган, 640 та лойиҳа бўйича ҳуқуқий экспертиза ўтказилиб, мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилган.
2021 йилда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан:
— аҳолига кўрсатилган давлат хизматлари сони 11 млн.ни ташкил қилди;
— 18 та давлат хизматлари тури, шундан 6 таси бепул жорий қилинди уларнинг сони бугунги кунда 166 тани ташкил қилмоқда;
— талаб этиладиган ҳужжатлар сони 52 фоизга қисқартирилди ва 80 дан ортиқ хизматлар соддалаштирилди;
— марказдан олисда жойлашган ҳудудларда ва аҳоли зич жойлашган маҳаллаларда давлат хизматлари марказининг 48 та филиаллари ташкил этилди;
— давлат хизматлари кўрсатилишида шаффофликни таъминлаш мақсадида тўловлар ҳақида SMS-XABAR юборилиши жорий қилинди.
Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил давомида ҳуқуқий тарғибот, акциялар ва лойиҳаларни амалга оширишда ҳам анча фаол ишлар олиб борилди. Хусусан:
— фермерлардан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш мақсадида 2021 йил июнь – декабрь ойларида «Фермерга мадад» ҳуқуқий акцияси ўтказилди;
— «Ташкент Лаw Спринг» ИИ халқаро юридик форуми ташкил этилди;
— «ЭCОБОЗОР» савдо мажмуасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар III Республика савдо ярмаркаси ўтказилди;
— «Меҳр улаш» қон топшириш хайрия акцияси ташкил этилди;
— Юридик техникум ўқувчилари ўртасида «ИДРОК» интеллектуал ўйини ўтказилди.
Шунингдек, 2021 йилдаги фаолиятни танқидий таҳлил қилиш натижалари бўйича яқин истиқболга мўлжалланган қатор устувор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан:
— 2500 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва 2000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш;
— 1990 — 2016 йиллар оралиғида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорларини хатловдан ўтказиш, хатлов натижасида эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
— мобил илова орқали давлат хизматларини кўрсатишни жорий қилиш;
— маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида давлат органларининг бир-бирини такрорлайдиган функцияларини мақбуллаштириш;
— давлат бошқаруви органларининг буйруқ ва фармойишларини босқичма-босқич «E-qaror» электрон тизимида эълон қилиш орқали жамоатчиликка етказиш тизимини йўлга қўйиш.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг