ЖССТ бош директори: Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича олиб борилаётган сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Норбоева Женевага ташрифи доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори, доктор Тедрос Гебрейесус, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) бош директори Дарен Танг, БМТнинг Женевадаги Аргентина, Босния ва Герцеговина, Ливан Доимий ваколатхоналари ва Швейцариядаги бошқа ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди, деб хабар берди «Дунё» АА.
Учрашув давомида ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесус мамлакатимизнинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан қутлар экан, бу Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши эканини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг мақсадлари ва тамойилларига қатъий содиқлигидан далолат беришини таъкидлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлиши билан келгуси уч йилда халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалаларига муносиб ҳисса қўшади, деб умид билдирди Т.Гебрейесус.
Шунингдек, ЖССТ бош директори мамлакатимиз раҳбариятига коронавирус инфекциясининг тарқалиши даврида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти услубий тавсияларини қўллаб-қувватлагани ва уларга амал қилгани учун миннатдорлик билдирди. Бундан ташқари, у Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатда пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича олиб борилаётган сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Инқирозга қарши жамғарма тузилганлиги, унинг маблағлари биринчи навбатда тиббиёт муассасаларини дори воситалари, ҳимоя воситалари ва диагностика воситалари билан таъминлашга, шунингдек тиббиёт ходимларига ойлик нафақалар беришга сарфланиши эътиборга моликлиги таъкидланди. Т.Гебрейесус Ўзбекистон Республикасида кўрилган чора-тадбирларни, нафақат COVID-19 тарқалишининг олдини олиш, балки аҳоли соғлиғини сақлаш масалаларига қаратилган эътиборни юқори баҳолади. Сўнгги уч йилда давлат сиёсати даражасига кўтарилган оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича олиб борилган ишларга ҳам ижобий баҳо берилди, бугунги кунда уларнинг яққол натижаларини аниқ кўриш мумкинлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан ЖССТ бош директори Ўзбекистон Республикасини У.Баффет фонди (АҚШ) билан ҳамкорликда техник кўмак бериш лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш дастурига киритиш масаласини ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида Т.Гебрейесус Президент Шавкат Мирзиёевга юксак ҳурмат ва энг эзгу тилакларни етказиш истаги билан мурожаат қилди.
БИМТ бош директори Дарен Танг учрашувда мамлакатимизни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан табриклаб, БИМТ Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича юз бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб боришини қайд этди.
— Давлат раҳбарининг мазкур масалаларга устувор аҳамият берганлиги интеллектуал мулк республика учун муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади, — деди Дарен Танг.
У жорий йил 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган мажлис тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, интеллектуал мулк муҳофазасини кучайтириш, ҳар бир бўлим ва соҳаларда илмий ютуқларни жорий этиш зарурлигига қўшилишини, ўз томонидан бу масалада, жумладан, мамлакатимизда интеллектуал мулкни ривожлантиришнинг уч йиллик стратегиясини ишлаб чиқишда Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистоннинг рейтинглардаги ўринларини яхшилаш борасида ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорлик келгуси йилда ҳам давом эттирилиши таъкидланди. Шунингдек, БИМТ бош директори Ўзбекистонга «Global Innovation Index – 2020»га киритишда маълумот тақдим этгани учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда Дарен Танг миллий брендларни яратиш ва географик номларни халқаро миқёсда ҳимоя қилиш масалаларига тўхталиб ўтди.
— Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги бутун дунёга донг таратган, – деди БИМТ бош директори. — Биз уларни халқаро даражада ҳимоя қилишда, шунингдек Сингапурда уларни Ўзбекистонда қўллаш учун интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашишда кўмак беришга тайёрмиз.
Аргентина, Босния ва Герцеговина, Ливан элчилари билан учрашувларда бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилинди, Ўзбекистон эришган ютуқлари қайд этилди.
Босния ва Герцеговина дипломатик ваколатхонаси раҳбари Н.Капетанович Ўзбекистон сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мамлакатда парламентаризмни ривожлантириш борасида жиддий ютуқларга эришганини таъкидлади.
Аргентина элчиси Ф.Виллегас ҳам Ўзбекистон қисқа давр ичида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, жумладан, парламент фаолиятини такомиллаштириш борасида катта ютуқларга эришганини қайд этди.
Женевага ташриф давомида Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Танзила Норбоева Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) гендер тенглик масалалари бўйича Учинчи Таҳлилий конференциясида ҳам иштирок этиб, кенг қамровли мавзуда нутқ сўзлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг