Тинчликни таниш

Урушлар, қурбонлар, қонлар, зиддиятлар, таҳлика ва таҳдидлар, тажовузлар қаршисидаги ўйлар
Нотинч дунё узра яна бир тонг отди. Лекин бу тонг кимгадир кулфат, бошқа бировга айрилиқ, йўқотиш, алам ва изтироб олиб келди. Бугунги жаҳонда мақсадсиз урушлар туфайли мислсиз ғам-қайғулар, фарёдлар, нолалар овози кезиб юрибди.
XXI асрда очликдан, сувсизликдан ўлаётганларнинг борлиги, уларнинг аксарияти болалар экани қанчалар даҳшат. Урушни бошлаётганлар, унга сабаб бўлаётганлар бир четда қолиб, бегуноҳ одамларнинг қони тўкилаётгани, яқинларини йўқотаётгани, бошпанасиз қочқинга айланаётгани билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди.
Бугун биз нотинч дунёда яшаётганимизни унутмаслигимиз керак. Уруш огоҳликни, ҳушёрликни йўқотган бутун бошли мамлакатларни, халқларни ўз домига аёвсиз тортиб кетмоқда. Инсоният урушлардан хулоса чиқариш ўрнига унинг янги-янги усулларини ўйлаб топмоқда. У инсониятга сабоқ беради деган аксиомалар бутунлай ўз мазмун-моҳиятини йўқотгандек, гўё.
Минг афсуски, жаҳонда урушлардан манфаат кўрувчи кучлар ҳам пайдо бўлди. Қурол-яроғ савдоси, қуролланиш пойгаси авж олди. Ўзга мамлакатларнинг ички ишларига аралашиш, уларни ўз йўлига юргизиш, бўйсундиришга уринишлар тобора ортиб бормоқда. Зиддиятларни келтириб чиқаришга ихтисослаштирилган, буни ўзига касб қилиб олган тузилмалар мавжуд. Улар турли фондлар, ижтимоий ёрдамлар, кўнгиллилар қиёфасига кириб борган жойларида уруш оловини ёқишга интилаётир. Урушлар инсониятга қурбонлар, азиятлар, айрилиқлар бериш билан бир қаторда кимларнидир бой ва бақувват бўлишига ҳам сабабчи бўляпти. Бироқ кимгадир тахт, бахт олиб келган уруш халққа ҳеч нарса бермаган. Бундан кейин ҳам бермайди.
Уруш олови ичида қолган Ироқ, Сурия, Ливия, Афғонистон каби мамлакатлар аҳолиси ўта қашшоқлашган, давлат мустақиллиги эса савол остида қолган, иқтисодиёт бутунлай таназзулга юз тутганини кўриб-билиб турибмиз. Вазият шундай давом этаверса, бу мамлакатларни жуда оғир кўргиликлар кутмоқда.
Мавжуд тузумни хорижлик ҳамкорлари ёрдамида ағдарганлар, уларнинг кўмаги билан “демократик жамият” барпо этмоқчи бўлганлар бутунлай янглишадилар. Аслида аҳвол олдингидан ҳам ёмонлашиб, миллионлаб одамлар қочқинга айланмоқда. Уларнинг тақдири номаълумлигича қолаётир.
Инқилоб ва исёнлар фаровонлик олиб келган мамлакатни кўрмадим. Аксинча, аҳвол янада мураккаблашиб, боши берк кўчага кириб қолаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
АҚШнинг биринчи Президенти, “Миллатнинг ишончли отаси” деган унвонга сазовор бўлган Жорж Вашингтон Англия вакиллари билан музокаралар олиб бориб, икки давлат ўртасида келиб чиқиш арафасида турган урушнинг олдини олишга ҳаракат қилади. У: “Келинг, масалани қурол билан эмас, ақл билан ечайлик. Уруш очиш ҳар икки томон учун ҳам энг сўнгги чорадир”, дея таъкидлаганди.
Орадан неча асрлар ўтган бўлишига қарамасдан бу тамойил ҳали ҳам ўз моҳиятини йўқотгани йўқ. Аслида босиқлик, ақл, идрок, тенглик билан ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар урушларни келтириб чиқаряпти. Ноҳақ қон тўкилишига олиб келяпти.
Катта ва қудратли давлатларнинг босими, доимий аралашуви, кучсиз давлатларни ўзига бўйсундириш ҳаракатлари ҳам урушларнинг келиб чиқишига туртки бўлмоқда.
Жаҳон тарихида “Монро назарияси” деб ном олган тарихий-сиёсий ҳужжатни яратган АҚШнинг яна бир Президенти Жеймс Монро: “Тинчлигимиз, келажагимиз учун ўзимиз курашмасак, ким курашади?” деб айтган эди. У томонидан илгари сурилган назариянинг асосий мазмуни Америка устидан Европа ҳукмронлигининг ҳар қандай кўринишига қарши чиқишдан иборат бўлган: “Америка қитъаси ҳеч бир Европа давлати томонидан мустамлака макони сифатида кўрилмаслиги керак. Бундай уринишни биз ўз тинчлигимиз ва хавфсизлигимизга нисбатан таҳдид деб ҳисоблаймиз”. Монро назарияси АҚШнинг ҳудудий жиҳатдан дахлсиз давлат эканини яна бир бор мустаҳкамлади. Ташқи дунё мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли алоқага киришиш имконини берди.
Мустамлака макони сифатида қараш васвасаси бугун ҳам авж олмоқда. Қулдор ҳамиша итоатни истайди. Бу жирканч иллат ҳали ҳам борлиги бизни ҳушёрликка ундаши зарур. Бугунги урушлар остида мана шу ёвуз мақсадлар ҳам яширинган.
Ўзбекистоннинг тинчлигини таъминлаш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев кейинги 9 йилда мисли кўрилмаган тарихий қадамларни ташлади. Аввало, мамлакатнинг ички тинчлигига алоҳида аҳамият қаратилди. Бу, аввало, халқнинг розилигига эришиш, инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигига интилиш, давлат хизматчиларининг том маънода халқ хизматчисига айланишида намоён бўлади. Қолаверса, “Қўшнинг тинч — сен тинч” олтин қоидасига, бутун дунё учун очиқлик сиёсатига амал қилинди. Ўзгалар манфаати шахсий манфаатидан устун қўйилди. Қон-қардошлик, тарихий дўстлик, яқин қўшничилик анъаналарига садоқат мустаҳкамланди.
Ўтган давр Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати тўғри эканини исботлади. Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда, балки бутун Осиё, Европа, Америка қитъасида ҳам тинчлик тарафдори сифатида танилди ва тан олинди. Ўзбекистон халқаро тузилмалар доирасида ҳам тинчликпарвар мамлакат сифатида эътироф этилмоқда.
Мен бугунги нотинч дунёга, давлат раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни ибрат қилиб кўрсатмоқчиман.
Бугун Ўзбекистон тинч тараққиёт йўлидан кетмоқда. Бу борада у дўстларини ҳам ўз ортидан эргаштиришга ҳаракат қиляпти. Марказий Осиё тинчлиги ташаббускори — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдир. Бу фақат менинг фикрим эмас, балки жаҳон ҳамжамияти ва халқаро экспертларнинг ҳаққоний хулосаси.
Унутмаслигимиз керакки, тинчлик бор жойда бунёдкорлик ҳам, ислоҳотлар ҳам, фаровонлик ҳам бўлади. Тинчлик йўқ жойда эса фақат оҳ-фарёд, кўз ёш, ғам-кулфат... Бугун халқимиз зиммасида улкан масъулият турибди — Ватанимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асраш ва унга бўлган ҳар қандай таҳдидга қарши курашиш.
Тинчлик — музейга қўйиладиган экспонат эмас. у ҳар бир дақиқада, ҳар биримиздан курашишни, огоҳликни, ҳушёрликни талаб этади. Биз ҳаммадан ҳам кўра хиёнаткорлардан, ватанфурушлардан эҳтиёт бўлишимиз керак. Ташқи душман, ички душман билан бирлашади деган қараш бор. Ватанимиз тинчлиги биз учун ҳаёт-мамот масаласидир.
Мен ҳар бир юртдошимиз Ватанимиз тинчлигини Президентимиз даражасида яхши кўриши ва қадрлашини истайман. Тинчликка бўлган таҳдидлар бугун ҳар қачонгидан ҳам кучайганини унутмаслигимиз керак.
Ўзбекистон тинчлик борасида мустаҳкам позицияга эга. Биз чорак аср давом этган уруш таҳдидини ўз танамиздан ўтказганмиз. У кунларнинг қайтишини ҳеч қачон истамаймиз. Шу боис Ўзбекистон раҳбари қатъий сиёсий иродасини намоён қилиб, мамлакатимиз аъзо бўлган халқаро ташкилотлар фаолиятида ҳам, аввало, тинчлик бўлиши, ҳар қандай зиддиятлар тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори бўлиб келмоқда.
Тошкентда яна бир тинчлик тонги отди. Нафақат Тошкентда, балки она Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида тинчлик тонглари отади. Оналар гўдакларига алла айтади. Муаззиннинг азон чақириғи эшитилади. Тўйга отланаётган оқсоқолларимиз сафи кўринади. Нуроний оталар дастурхон бошида: “Аввало, юртимиз тинч бўлсин!”, дея дуо қилади.
Мен “Миллатни таниш”, “Ватанни таниш” сўзларининг ёнига “Тинчликни таниш” бебаҳо каломини ҳам қўшиб қўймоқчиман. Тинчликни яхшилаб танийлик. Тинчлик олдидаги масъулиятимизни унутмайлик. Тинчликни асраб-авайлашга, қадрлашга ўрганайлик. Бу бизнинг ҳам аждодларимиз, ҳам авлодларимиз олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг