Жонободда янги корхона иш бошлади

11:17 11 Октябр 2024 Иқтисодиёт
195 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон туманида тожикистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда мева–сабзавот, дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда экспорт қилишга мўлжалланган қўшма корхона фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда серқуёш юртимиз боғларида пишадиган сархил мева ва сабзавотларга жаҳон бозорида талаб юқори эканлиги эътироф этилди. Ўзбекистон тумани мева боғлари, полиз маҳсулотлари етиштириш билан машҳур.

Тумандаги «Жонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаган «Aroma Frust» МЧЖ қўшма корхонасида йилига 2,5 миллион доллар миқдорида тайёр маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилди. Шу мақсадда Туркиядан замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилди.

—Айни пайтда кунига 3 тоннагача маҳсулот қайта ишланиб, ўзаро келишув асосида Россия ва Туркияга экспорт қилишга киришилди,—дейди корхона таъсисчиси, ёш тадбиркор Жамшидбек Шокиров. —Яқин истиқболда экспорт географиясини янада кенгайтириш бўйича тожикистонлик ҳамкорларимиз билан бизнес–режа тузиб олинган.

Ҳозирда 40 нафарга яқин маҳалладошларимиз иш билан таъминланди. Лойиҳанинг кейинги босқичларида фаолият кўламини янада кенгайтириш орқали иш ўринлари сонини 100 тагача етказишни мақсад қилганмиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?