Зарафшонда ички ишлар органлари ходимларига янги уй-жойлар топширилди

16:21 13 Январь 2021 Жамият
1296 0

Ватан тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш шараф. Бинобарин бу масъулиятли вазифани зиммага олган ўғлонларни ҳар томонлама кўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб келган.

Чунончи, Навоий вилоятида ИИБ шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва хизмат шароитларини яхшилаш мақсадида ўнлаб хизмат уйлари қурилиб, сўнгги йилларда 138 нафар уй-жойга эҳтиёжи юқори бўлган, хизмат фаолияти давомида жасорат кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳамда ҳамкасблари орасида алоҳида намуна кўрсатган ходимларнинг оила аъзоларига топширилди. Шунингдек, имтиёзли ипотека кредити асосида 5 та замонавий кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, тинч ва осойишта ҳаётимиз посбонларига  берилди.

Айни байрам арафасида эса навбатдаги уй-жойларнинг ўз эгаларига топширилиши Зарафшон шаҳридаги ИИОлари ходимлар учун ҳам муносиб туҳфадир. Шаҳарнинг «Матонат» кўчасида қад ростлаган 5 қаватли, 30 хонадонга мўлжалланган кўркам ва файзли уй-жой 30 нафар ходим ва уларнинг оила аъзоларига «Ватан ҳимоячилари куни»нинг энг азиз совғаси бўлди.

— Биз ҳар доим давлатимизнинг ғамхўрлигини ҳис этиб хизмат ва меҳнатимизни олиб борамиз, – дейди Зарафшон шаҳар ИИО ФМБ МваФРГ ходими, сафдор Шаҳбоз Саъдуллаев. — Ёш оила бўлганлигимиз боис, турмуш ўртоғим билан ижарада яшаш бизга анчагина ноқулай вазиятларни юзага келтирарди. Бугун файзли хонадон эгасига айландик. Билдирилган ишончни оқлаган ҳолда, Ватаним учун садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман.

— Ўз тақдирини она юртнинг осуда ҳаёти учун бахшида этган фидойилар меҳнатидан халқимиз чексиз миннатдор ва бу хизматни улар муносиб қадрлайдилар, — дейди вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари в.б. подполковник Завқиддин Хўжанов. — Айниқса, уларнинг таҳликали эпидемиологик вазиятда кўрсатган жасорати, жамоат тартибини сақлаш ва тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширган мардона саъй-ҳаракати, фуқароларнинг эркинликларини таъминлаш борасида ўз ҳаётини жиддий хавф остида қолдириб кўрсатган жонбозлиги таҳсинга лойиқдир. Соҳа ходимлари учун энг юксак бахт эса халқ ишончи ҳамда ҳамфикрлигидир!

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер