Президент Олимпиадаси ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда барча иштирокчиларига
Фото: Президент матбуот хизмати
Азиз фарзандларим!
Ҳурматли ота-оналар, устоз ва мураббийлар!
Аввало, барчангизни Ватанимиз ҳаётида ўчмас из қолдирган Президент Олимпиадаси ўйинларидаги муваффақиятли иштирокингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, саралаш босқичларида 100 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз орасида ғолиб ва совриндор бўлган 3 минг нафарга яқин сиздек энг кучли ва навқирон спортчиларимизнинг муносиб иштироки туфайли бу мусобақалар Ўзбекистон спорти ноёб тизим бўлиб шаклланганини бугун чуқур мамнуният билан таъкидлашга ҳақлимиз.
Қарийб ўн кун давом этган қизғин ва муросасиз беллашувларда эришилган ғалабалар, рекорд натижалар бу фикрни яққол исботлаб турибди.
Айниқса, оғир атлетикачи қизларимиз Шаҳноза Ҳайдарова, Моҳинур Эсонбоева, енгил атлетикачимиз Садафбону Нусратуллоева Ўзбекистон рекордини янгилагани, юнон-рум кураши бўйича 17 ёшли Қамариддин Худойберганов амалдаги Осиё ва жаҳон чемпионларини, Комила Султанова, Умарали Абдужабборов, Мираслава Омельченко каби таэквондочиларимиз эса мамлакат чемпионларидан устун келиб, энг юксак шоҳсупаларга кўтарилгани таҳсинга сазовордир.
Яна бир муҳим жиҳати – бундан тўрт йил олдин йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси” тизимида кашф этилган иқтидорли ёшларимиздан 23 нафари ушбу Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорларига айланди.
Буларнинг барчаси Президент Олимпиадасининг ёшларимиз учун ғоят масъулиятли беллашувга айлангани ва ўзининг шонли анъаналарини шакллантира бошлаганини кўрсатади.
Аминман, спорт соҳасидаги илк қадамларини қадрдон маҳалласидан бошлаган, бугун ўз ҳудудининг шарафини дадил ҳимоя қилган бу фарзандларимиз келгусида жаҳон ареналарида Ватанимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этади.
Қадрли спортчи ёшлар!
Сизларнинг иштирокингизда бўлиб ўтган беллашувларни биз бутун халқимиз билан биргаликда катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб, Янги Ўзбекистонда юксак салоҳиятли олимпия захиралари етишиб келаётганидан қалбимиз қувонч ва ифтихорга тўлди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг ота-оналари ва мураббийларини алоҳида қутлаган ҳолда бир фикрни таъкидлаб айтмоқчиман. Аслида бундай мусобақаларда иштирок этишнинг ўзи улкан бахт, улкан ютуқ. Чунки бу ўйинлар сизларнинг қалбингизга Олимпиада руҳи, Олимпиада ғояларини олиб киради, жаҳон ареналари сари дадил боришда катта тажриба ва маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Ҳеч шубҳасиз, биз бу тизимни янада такомиллаштириб, унинг таркибига келгуси йилдан бошлаб, сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий спорт турларини ҳам киритамиз. Олимпиадамизнинг ҳар бир босқичига халқаро спорт мезонлари тўлиқ татбиқ қилинади ва юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш учун тренерларни замонавий методология ва ёндашувлар асосида ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, мусобақалар натижаларини очиқ ва шаффоф усулда баҳолаш учун ҳакамларнинг малакаси ошириб борилади, спорт турларидан келиб чиқиб, спорт мактаблари ва тўгараклардаги шароитлар яхшиланади.
Ана шу ишларни амалга оширишда бу йилги мусобақаларда тўплаган билим ва тажрибангиз, амалий таклифларингиз билан сизлар ҳам муносиб иштирок этасиз, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, мазкур беллашувларнинг саралаш ва финал босқичларини юксак даражада ташкил этган ҳудудларимиз, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда мутасадди шахсларга, спорт федерациялари, олий ўқув юртлари, техникум ва мактаблар жамоаларига, жонкуяр волонтёрларимизга, ёшларимизни қўллаб-қувватлаб турган барча спорт мухлисларига, кўп миллатли халқимизга самимий миннатдорлик билдираман.
Сизлар бугун катта марраларни забт этдингиз. Олдингизда эса бундан ҳам юксак довонлар турибди.
Барчангизга келгуси мусобақаларда бундан ҳам ёрқин ғалаба ва натижалар ёр бўлишини тилайман.
Тинимсиз изланишдан, олға боришдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг