Ёзёвонда Осиё чемпиони муносиб кутиб олинди

12:38 14 Февраль 2025 Жамият
234 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Хабарингиз бор, Таиландда якунига етган велоспорт ва пара велоспорт бўйича Осиё чемпионатида мамлакатимиз терма жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни эгаллади. Бу ғалабага шоҳсупанинг энг баланд чўққисига кўтарилган 3 нафар фарғоналик спортчилар ҳам муносиб ҳисса қўшишди.

Қувонарлиси, ушбу нуфузли мусобақада Ёзёвон туманида истиқомат қилувчи спортчи қиз Азиза Қосимова ўз класс тоифасида иккита — яккалик ва жуфтлик йўналишида олтин медалларни қўлга киритиб, Осиё чемпиони бўлди.

Куни кеча матонатли чемпион қиз Азиза Қосимова Ёзёвон тумани ҳокимлигида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали кутиб олинди. Йиғилганлар Осиё чемпионини ғалабаси билан самимий табриклаб, келгусида жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ҳам Ватанимиз байроғини баланд кўтаришига ишонч билдирди.

— Айни пайтда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабасиман, —дейди қитъа чемпиони Азиза Қосимова.—Эришаётган ютуқларимда Президентимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар, айниқса, пара спортчилар учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари кеча 2028 йилги Олимпиада ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ҳамда юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга бағишланган видеоселектор йиғилишида ютуқларимизни алоҳида эътироф этгани барчамизни беҳад мамнун этди. Бундай эътибор ва рағбат бизни янги-янги ғалабалар сари руҳлантираверади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер