«Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Фото: Асадбек Даминов/«Халқ сўзи»
18 ноябрь куни пойтахтдаги «Ўзбекистон» Халқаро форумлар саройида «Инсон Фахри» миллий мукофотининг тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу мукофот эзгулик, меҳр-шафқат, жасорат ва фидойилик фазилатларини ҳаёти ва фаолиятида намоён этиб келаётган инсонларни эътироф этиш мақсадида таъсис этилган.
Танлов доирасида бир йил давомида мамлакат бўйлаб инсонпарварлик, фидойилик ва ижобий ўзгаришларга туртки берган юзлаб таъсирли ҳикоялар йиғилган. Шунга кўра, 11 йўналиш бўйича муносиблар аниқланган.
Маросимда ғолиблар махсус статуэтка, диплом ҳамда 20 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди.
«Меҳр йўли» номинацияси соҳиби — Бибисора Орипова
Зўравонликдан жабр кўрган аёллар учун «Раҳмдиллик» бошпанасини ташкил этиб, юзлаб аёлларга ҳаётини қайта бошлаш имкониятини яратган Бибисора Орипова (Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг синглиси) «Меҳр йўли» номинациясида ғолиб деб топилди.
Мукофотни унга Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева тантанали равишда топширди. Бибисора Орипова тақдирлаш маросимида: «Уйга борганимда уларга «Бу мукофотни менга эмас, сизларга беришди», дейман», — дея самимий миннатдорлик билдирди.
Бошқа йўналишлар бўйича ғолиблар
«Йил шифокори» — профессионаллик ва қутқарилган ҳаётлар учун
Бобур Тўраев — мингдан ортиқ операция қилган болалар кардиохирурги. 2025 йил августида 6 ёшли беморга ноёб юрак амалиётини муваффақиятли ўтказган.
«Шахсий ютуқ» — шахсий ривож ва енгилган қийинчиликлар учун
Моҳира Болтаева — халқаро кимё олимпиадаси кумуш медали совриндори, 23 ёшли педагог. Унинг ўқувчилари ҳам юксак натижаларга эришмоқда.
«Ўлмас жасорат намунаси» — фавқулодда вазиятлардаги матонат учун
Абдуманнон Самиков (марҳум) — болаларни қутқариш учун сувга сакраб, ўз ҳаётини фидо қилган.
Феруза Мадалиева — «Тараққиёт» ташкилоти билан узоқ ҳудудларга тоза ичимлик суви етказиш ташаббусларини йўлга қўйган.
«Бетакрор рекорд» — ноодатий ютуқлар учун
Шаҳина Йигиталиева — 15 ёшли пара атлет, Ўзбекистон тарихидаги энг ёш спортчи сифатида жаҳон миқёсида рекордлар ўрнатган.
«Умр иши» — кўп йиллик фидокор меҳнат учун
Холбека Бобоқулова — Қашқадарёдаги Даштқизил қишлоғи ҳамшираси. У беморлар уйига тоғ йўлларидан хачирда етиб боради.
«Чегарасиз яхшилик» — инсонпарвар ташаббуслар учун
Насим Комилов — Самарқандда кўчада қолганлар учун уйлар қуриб, муҳтожлар учун бепул клиника ташкил этган.
«Бирлик қудрати» — жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлагани учун
«28 Илгак» клуби — кўнгилли тўқувчи аёллар жамоаси бўлиб, муддатидан олдин туғилган болалар учун бепул носок, шапка, жилет ва бошқа буюмлар тўқиб беради.
«Ноёб истеъдод» — илғор ғоялар ва креатив маҳорат учун
«TECNAS» IT жамоаси — ўрта синф ўқувчиларидан иборат стартап гуруҳи. ВР-технологиялар асосида виртуал мактаб лабораториясини яратган.
«Фидойилик рамзи» — касбга садоқат учун
«Имкон» маркази — имконияти чекланганлар билан ишлаш бўйича самарали ташаббуслари учун эътироф этилди.
Тақдирлаш маросими нафақат ғолибларни эътироф этиш, балки жамиятда меҳр-оқибат, ўзаро ёрдам ва ҳурмат маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим тадбир сифатида баҳоланди. Шу каби ташаббуслар инсонпарварликни янада кенг ёйишга замин яратади.
Машҳура Алимардон, «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг