«Яшил иқтисодиёт»: янги иш ўринлар ва янги талаблар

16:45 05 Июнь 2025 Жамият
36 0

Жаҳон миқёсида глобал экологик муаммолар, иқлим ўзгариши ва табиий ресурсларнинг чекланганлиги инсоният олдига янги вазифаларни қўймоқда. Барқарор ривожланишга эришиш, инсон саломатлиги ҳамда табиатни асраб-авайлаш, айниқса, иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларида экологик ёндашувни талаб қилмоқда. Ана шундай шароитда “яшил иқтисодиёт” тамойиллари бутун дунёда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётир.

Мамлакатимизда 2016 йиллардан бошлаб амалга оширилаётган тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодий ўсишнинг истиқболи давлатимиз томонидан қабул қилинган яшил иқтисодиёт концепцияси билан чамбарчас боғлиқлигини исботламоқда. “Яшил иқтисодий ўсиш” механизмини глобал, миллий ва минтақавий даражада барқарор ривожланишга ўтишни таъминлашнинг самарали амалий воситаси сифатида тан олинмоқда. Иқтисодий соҳада “яшил ўсиш” механизмини самарали татбиқ этиш, умуман, иқтисодий ўсиш ва айниқса, “яшил саноат»ни ривожлантиришга ёрдам беради.

Ижтимоий нуқтаи назардан, ҳаёт сифатини яхшилаш ва янги юқори технологияли иш ўринларини яратиш, экологик жиҳатдан эса, атроф-муҳитни ифлослантиришга таъсирни камайтириш ва пировард натижада табиий капиталдан фойдаланиш самарадорлигини оширишни таъминлайди.

Айрим ривожланган давлатларнинг “яшил” иш ўринларини яратиш тажрибасини таҳлил қилиб кўриш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ҳар бир аниқ давлат учун алоҳида иқтисодий сиёсий характердаги чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд. Бу тадбирлар, аввало, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати соҳасини тартибга солиш, тармоқларнинг иқтисодий сиёсий дастурларини ишлаб чиқишда, “яшил” иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилиш лозимлигини тақозо этмоқда.

Бироқ “яшил иқтисодиёт” ва углерод билан боғлиқ бўлган соҳаларида мавжуд ягона ривожланиш ёндашувлари дунёнинг кўплаб мамлакатлари қонунчилигига киритилган бўлсада, алоҳида мамлакатлар даражасида “яшил” иш ўринларини яратишга қаратилган мақсадли ҳужжатлар қабул қилинмаган, мавжудлари ҳам етарли даражада мукаммал эмас.

Янги “яшил” иш ўринларини яратиш — асосий мақсад

Ўзбекистон меҳнат бозоридаги вазиятни таҳлилидан кўриш мумкинки, мавжуд иш жойларини “яшил иқтисод” талаблари асосида қайта ташкил этиш ишлари бўйича истиқболли йўналишлар, шу жумладан, янги “яшил” иш ўринларини яратиш кенг кўламли муҳим тадбирларни амалга оширишни талаб этади. Ҳозирги мавжуд иш жойларини янги талаблар асосида қайта ташкил қилиш ва янги “яшил” иш ўринларини яратиш учун истиқболли йўналишлар белгилаб олинган.

Жумладан, органик қишлоқ хўжалиги, электр транспорти ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси, энергетика, саноат ишлаб чиқариши, чиқиндиларни қайта ишлаш, “яшил” молиялаштириш, таълим ва кадрлар тайёрлаш кабилар шулар сирасига киради.

Шу муносабат билан кейинги йилларда мамлакатимизда чекланган сув захираларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерлари биофондини тиклаш, шўрланган ва эрозияга учраган майдонларни қайта фойдаланишга киритиш, экотизимлар биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш, “яшил энергетика” ва агротехнологиялар каби муҳим йўналишларда таълим, илмий тадқиқот ва ишланмалар трансферини самарали йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони бу соҳадаги муҳим қадамлардан бири бўлди, десак, айни ҳақиқат.

Мазкур ҳужжат орқали мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт” ғоясини амалга ошириш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларига мослашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, барқарор молиялаштириш механизмларини жорий этишга кенг йўл очилди.

Бу шунчаки иқтисодий фаолият эмас...

Хўш, “яшил иқтисодиёт”нинг ўзи нима? Нима учун бугун ушбу атамага, соҳага кўп мурожаат қилиняпти?

“Яшил иқтисодиёт” тушунчаси илмий муомалага ўтган асрнинг охирида киритилган бўлиб, у иқтисодий фаолиятнинг табиат, жамият ва инсон манфаатларига мутаносиб равишда йўналтирилган янги шакли сифатида қаралади. Бу иқтисодиёт тури экология, фалсафа, ресурсларга асосланган иқтисодиёт, аҳолининг ривожланиши ҳамда гендер сиёсатини қамраб олган ҳолда, инсон фаровонлигини оширишга қаратилган.

“Яшил иқтисодиёт” — бу шунчаки иқтисодий фаолият эмас, балки ресурсларни тежаш, атроф-муҳитни асраш, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини экологик талабларга мос равишда ривожлантиришни ўз ичига олган тизимдир. Бу тизимда давлат ёки бизнес эмас, аввало, аҳоли — ҳар бир инсон манфаатдор ҳисобланади.

«Яшил иқтисодиёт» нафақат экологик барқарорлик, балки ижтимоий самарадорликни ҳам таъминлайди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар янгича мутахассисликлар, янги иш ўринлари ва янги малака талабларини юзага чиқаради.

Энергияни тежайдиган технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари, атроф-муҳитга зарарсиз қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, экологик тоза транспорт турларини жорий этиш сингари соҳаларда янги мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда.

Шу нуқтаи назардан олиб қаралса, «яшил иқтисодиёт» нафақат экологик, балки ижтимоий масалалар — иш билан бандлик ва даромад манбаларини диверсификациялаш учун ҳам муҳим воситага айланмоқда.

Ўзбекистонда кейинги йилларда «яшил энергетика»га алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш нафақат муҳитни муҳофаза қилади, балки иқтисодий самарадорликни ҳам таъминлайди.

Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунда нефть, газ ва кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг камида 4,5 фоизи йўқотилаётгани аниқланган. Шу билан бирга, мавжуд энергия қувватларининг ярмидан кўп қисми яроқсиз ҳолга келган.

Бундай шароитда қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш, гидроэнергетик қувватларни ривожлантириш самарали ечим сифатида қаралаётир.

Хусусан, 2030 йилга қадар умумий қуввати 4,5 ГВт бўлган йирик қуёш ва шамол станциялари, 785 мегаваттли қуёш панеллари, 225 мегаваттли гидро электр станциялари ишга туширилиши кўзда тутилмоқда. Натижада электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улуши 26 фоизга, жами генерациядаги улуши эса 40 фоизга етказилади.

Бу нима дегани, бу — янги иш ўринлари яратилиши билан билан, аҳоли фаровонлиги таъминланади, дегани.

«Яшил иқтисодиёт»ни ривожлантиришда амалий чора-тадбирлар

«Яшил иқтисодиёт»ни самарали йўлга қўйиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:

Биринчидан, иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорлик уйғунлиги – моддий неъматларни яратишда табиат ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш;

Иккинчидан, энергия ресурслари манбаларида диверсификация — қайта тикланадиган энергия манбалари ҳиссасини ошириш, жамоат транспортини электр энергиясига ўтказиш, энергия тежовчи биноларни қуриш;

Учинчидан, экологик тоза технологиялар ва маҳсулотлар — зарарли чиқиндилар чиқармайдиган, атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи технологияларни ривожлантириш ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш;

Тўртинчидан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш — чекланган ресурслар ва чексиз эҳтиёжлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш;

Бешинчидан, ишлаб чиқаришни оқилона режалаштириш — қанча ва қандай ишлаб чиқариш кераклигини, кимга мўлжаллашни атроф-муҳитни ҳисобга олган ҳолда белгилаш.

Хулоса қилиб айтганда, яшил иқтисодиёт — бу келажак иқтисодиётидир. У инсон, табиат ва иқтисодиётнинг уйғунлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, барқарор ривожланишнинг асосий йўли сифатида эътироф этилмоқда. Бу соҳадаги ислоҳотлар фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий ва экологик самарадорликни ҳам таъминлаши билан муҳимдир.

Ўзбекистон ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этмоқда. “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси, яшил энергетикага оид лойиҳалар, иш ўринлари ва янги талабларнинг пайдо бўлиши мамлакатимизда барқарор тараққиётга эришишга хизмат қилмоқда.

Азиза ИРМАТОВА,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети

Меҳнат иқтисодиёти кафедраси профессори,

иқтисодиёт фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?