Владимир Путин 2050 йилгача мўлжалланган Ҳарбий-денгиз флоти ривожланиш стратегиясини тасдиқлади

13:29 09 Июнь 2025 Дунё
90 0

Россия Президенти Владимир Путин мамлакат Ҳарбий-денгиз флотининг 2050 йилгача бўлган ривожланиш стратегиясини тасдиқлади. Бу ҳақда Россия ахборот агентликлари хабар бермоқда.

Президент ёрдамчиси, Россия Федерацияси Денгиз коллегияси раиси Николай Патрушевнинг маълумотига кўра, бундай ҳужжат замонавий Россия тарихида илк бор қабул қилинди.

Патрушевнинг айтишича, стратегияни ишлаб чиқиш тўғрисидаги қарор 2023 йил июль ойида Кремлда бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинган. Президент топшириғига биноан, дастлабки лойиҳани Мудофаа вазирлиги тайёрлаган, кейинчалик уни федерал идоралар ва ташкилотлар таклифлари асосида Россия Денгиз коллегияси томонидан такомиллаштирилган ҳолда якуний вариант кўриб чиқилган.

«Деталларга тўхталмасдан айтиш мумкинки, бу стратегик режалаштириш ҳужжати илк бор қабул қилинмоқда. Россия дунёнинг энг йирик денгиз давлатларидан бири сифатида ўз мавқейини аста-секин тикламоқда», — деди Патрушев.

Унинг қайд этишича, ушбу стратегик ҳужжатда жаҳон миқёсидаги ҳарбий-сиёсий вазият таҳлили, қуролли можаролар юзага келиш эҳтимоли ва характери, етакчи денгиз давлатларининг ҳарбий салоҳияти, шунингдек, Украина уруши тажрибасига асосланган ҳолда Россия Ҳарбий-денгиз флотининг жорий ҳолати ва имкониятлари баҳоланган.

Стратегия Россия ҳарбий-денгиз сиёсатининг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб, мамлакат миллий манфаатларини денгизда ҳимоя қилиш, ҳарбий кучларни модернизация қилиш, янги кемаларни қуриш ва денгиз инфратузилмасини ривожлантиришни назарда тутади. Ушбу стратегия, шунингдек, халқаро денгиз ҳуқуқи ва геосиёсий рақобат шароитида Россиянинг глобал позицияларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?