Вируссиз картошканинг илк маҳаллий нави

19:13 04 Декабрь 2025 Илм-фан
254 0

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида Корея Республикаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда картошка уруғчилик тизимини ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш” лойиҳаси амалга ошириляпти. Лойиҳа учун Корея Ҳукуматининг 4,3 миллион долларлик гранти ажратилган. Лойиҳа доирасида 40×40 метрлик ақлли гидропоника иссиқхонаси, инвитро лабораторияси, бир нечта Nethouse иншоотлари қуриб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 600 куб метрли замонавий уруғлик омбори барпо этилди.

Институтда “Ўзбекистон – Корея картошка уруғчилиги маркази” фаолияти йўлга қўйилиб, инвитро лабораториясида ҳар мавсумда 12 мингдан ортиқ вируссиз ўсимта етиштириляпти. Бугунги кунда 16 дан ортиқ маҳаллий ва кореялик навлар кўпайтирилиб, гидропоника иссиқхонасида 12 мингдан зиёд кўчат парваришланмоқда.

— Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири — импорт ўрнини босувчи уруғлик картошка етиштириш технологияларини йўлга қўйиш ва соҳада етук мутахассислар тайёрлаш, — дейди институт ректори Шавкат Ҳасанов. — Шу асосда фермерларимизга амалиётга татбиқ қилиш мумкин бўлган таклифлар берилмоқда.

Картошка етиштиришдаги энг катта муаммолардан бири — вирусли касалликлар. Шу боис кореялик олимлар билан бирга замонавий диагностика лабораторияси ташкил этилди. Энди лабораториядан то фермер хўжалигидаги етиштириш жараёнигача касалликлар тўлиқ мониторинг қилинади.

Институтда қурилган гидропоника иссиқхонаси ва 3 гектар майдондаги Nethouse ларда йилига 500 минг дона микро ва мини-туганак етиштирилмоқда.

— Ўзбекистон картошка етиштириш учун жуда катта имкониятга эга, — дейди Жанубий Корея Халқаро боғдорчилик институти профессори Чо Ҳюн-Моок. — Тажрибаларимизда ўсимликлар вирусларга кам дуч келяпти. Бу келажакда Ўзбекистон экспортчилар қаторига қўшилиши мумкинлигини кўрсатади.

Лойиҳа Президент қарорларининг ижроси асосида амалга оширилаётгани эътиборга молик. Институтда картошка туганакларини лабораторияда яратишдан тортиб, гидропоника орқали кўпайтириш ва сақлашгача бўлган яхлит тизим шаклланди.

— Лойиҳа бошланганда бу даражага чиқишини тасаввур қилмагандик, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузуҳуров. — Илгари картошка уруғчилиги бўйича бир қанча муаммолар бор эди, ишлар бошланиб тўхтаб қолган вақтлар ҳам бўлган. Бугун эса Самарқанддаги олимларимизнинг Корея мутахассислари билан ҳамкорлиги туфайли Ўзбекистон шароитида ҳам юқори сифатли уруғлик картошка етиштириш мумкинлиги исботланди. 2030 йилга бориб мамлакатимизда тўлиқ ички уруғчилик тизимини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?