Тошкент ва Сурхондарёда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотган шахслар қўлга олинди

12:50 02 Июнь 2025 Жамият
115 0

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Унга кўра, фуқаро О.Ҳ. томонидан дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган М.А.га 10 дона «Зардекс» дори воситаси 750 минг сўмга сотилган пайтда ушланган. Қидирув жараёнида ундан қўшимча равишда 88 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Тадбир давомида ушбу дори воситаларини етказиб берувчи шахслар — Ж.Н. ва И.И. ҳам қўлга олинди. Улар мос равишда 55 ва 500 дона «Зардекс» дори воситаларини жами 20,5 миллион сўмга сотишга уринган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳар икки ҳолатда ҳам айбдорлар кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний муомалага киритганликда гумон қилинмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланди. Департаментнинг тегишли бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қ.Э. ва бошқа фуқаролар фуқаро Х.Б.га 26 дона «Зардекс» дори воситасини 2,5 миллион сўмга сотиш чоғида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳолат ҳам ноқонуний дори воситалар айланмаси билан боғлиқ жиддий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланмоқда.

Барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-1-моддасига асосан жиноят ишлари қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган бўлиб, ҳозирда айбдорларнинг қилмиши тўлиқ аниқланмоқда ва қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Мутасадди идоралар томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича комплекс чоралар кўрилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?