Суперлига. 24-турга тафсилий назар: Етакчи очко йўқотди, «Пахтакор»дан йирик ғалаба

11:01 06 Октябр 2025 Спорт
159 0

3–5 октябрь кунлари Ўзбекистон Суперлигасининг 24-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу баҳсларда қуйидаги натижалар қайд этилди:

«Хоразм» 1:1 «Навбаҳор»

ОКМК 0:1 «Қўқон-1912»

«Сурхон» 0:2 «Динамо»

«Бухоро» 0:4 «Пахтакор»

«Бунёдкор» 2:2 «Насаф»

«Шўртан» 1:2 «Сўғдиёна»

«Нефтчи» 2:0 «Андижон»

«Қизилқум» 1:0 «Машъал»

Жами 8 та ўйиндан 4 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди. 2 та баҳсда мезбонлар устун келди ва яна 2 та учрашув дуранг билан якунланди. Энди айрим ўйинларга тўхталамиз.

Хоразмда дуранг натижа

Ўзбекистон Суперлигасининг 24-туридан ўрин олган баҳсни «Навбаҳор» сафарда «Хоразм»га қарши ўтказди.

Ўтган тур беллашувида ғалаба қозонган «лоchinлар» Урганчга яхши кайфиятда йўл олганди. Ўз навбатида, турнир жадвалининг 15-поғонасида бораётган «Хоразм» учун очко сув ва ҳаводек зарур эди. Шу боис, ушбу учрашув кескин курашлар остида ҳамда қизиқарли кечиши кутилганди ва амалда ҳам шундай бўлди.

«Лочинлар» бош мураббийи Шерзод Жўраев аввалги ўйиндан фарқли ўлароқ, бу сафар таркибда биroz ротация амалга оширди ва мазкур баҳсда «Навбаҳор»ни сардор сифатида Аббосжон Ғуломов майдонга бошлаб тушди.

Учрашувнинг илк дақиқалариданоқ ташаббусни қўлга олишга интилган Ҳаким Фузайлов шогирдлари «Навбаҳор» дарвозаси олдида хавфли вазиятларни ярата бошлашди.

«Лочинлар»нинг ҳужумларидан бирида мезбонлар ҳимоячиси Аброр Хўсинов ўз жарима майдончаси ичида Асадбек Жўрабоевга нисбатан қўполлик ишлатди. Натижада учрашув бош ҳаками Илгиз Тантушев «Хоразм» дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини «Навбаҳор» сардори Аббосжон Ғуломов аниқ амалга ошириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди – 0:1.

Учрашувнинг иккинчи бўлимида эса Илгиз Тантушев бу сафар «Хоразм» фойдасига пенальти белгилади. 11 метрли жаримани захирадан ўйинга қўшилган Мурод Бобожонов аниқ амалга оширди ва жамоанинг 15 йилдан сўнг Хоразмда киритилган дастлабки голига муаллифлик қилди. Учрашув айнан ушбу ҳисоб билан якунланди.

Финал олди финал

Маълумки, 26 октябрь куни Андижон вилоятида жойлашган «Бобур арена»да Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финал баҳси бўлиб ўтади. Ушбу финалда «Пахтакор» клуби «Бухоро» билан куч синашади. Мазкур финалдан 22 кун олдин бу жамоалар Суперлиганинг 24-турида ўзаро тўқнаш келишди.

Ўйин олдидан «Бухоро» таркиби оптималлашди. Сўнгги ўйинларда жамоа қаҳрамонига айланган Доминик Бегичнинг дисквалификацияси якунланиб, футболчи «Пахтакор»га қарши баҳсни асосий таркибда бошлади. Шунингдек, жамоанинг ҳужум чизиғидан Тома Табатадзе ва Азизбек Аманов ҳам ўрин олди.

«Пахтакор»да эса ўтган ўйин билан солиштирганда асосий ўзгариш — жамоа тўпурари Игор Сергеевнинг асосий таркибга қайтиши бўлди. Футболчи ўтган тур «Сурхон»га қарши баҳсда захирада қолдирилган ва кейинроқ ўйинга қўшилиб ҳал қилувчи голни урганди.

Учрашувда ҳисоб 28-дақиқада Башар Ресан томонидан очилди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Фламарион ҳисобдаги фарқни 2 тага етказди. Биринчи бўлим айнан 2:0 ҳисоби билан якунланди.

Иккинчи бўлимнинг 80 ва 84-дақиқаларида чемпионатимиз тўпурари Игор Сергеев икки бор дарвозани ишғол этди ва якуний ҳисоб 4:0 кўринишига келди.

Шу тариқа, финал олдидан бўлиб ўтган ушбу баҳс бухоролик мухлисларнинг ҳавасини пир қилди.

Мухлисларнинг стадионларга ташрифи

24-тур ўйинларини жами 38 898 нафар мухлис стадионларда томоша қилди. Бу эса ҳар бир учрашувни ўртача 4 862 нафар футбол ихлосмандлари кузатганини англатади.

Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — «Нефтчи» ва «Андижон» ўйини бўлди. Ушбу беллашувни кўриш учун «Истиқлол» стадионига 7 950 нафар мухлис ташриф буюрди.

Энг кам томошабин йиғган ўйин эса ОКМК ва «Қўқон-1912» баҳси бўлди. Олмалиқ шаҳрида ўтган ушбу учрашувни жами 1 032 нафар мухлис жонли томоша қилди.

Кейинки тур

Ўзбекистон Суперлигасида 25-тур учрашувлари 15–18 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Қуйидаги баҳслар кутилмоқда:

«Насаф» – «Қўқон-1912»

«Андижон» – «Шўртан»

«Сўғдиёна» – «Сурхон»

«Машъал» – «Хоразм»

«Навбаҳор» – «Бунёдкор»

«Динамо» – «Бухоро»

«Пахтакор» – «Қизилқум»

«Нефтчи» – ОКМК

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?