Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
26–27 сентябрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми ўтказилди.
Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 70 нафардан ортиқ таниқли олимлар, музей директорлари, кутубхоначилар ҳамда маданий мерос соҳасидаги мутахассислар ташриф буюрди. Форум меҳмонлари очилиш арафасида турган Марказнинг тайёргарлик жараёнлари билан танишиб, уни жаҳон аҳамиятига эга илмий-маърифий ва маданий майдон сифатида шакллантириш масалаларини муҳокама қилишди.
Халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президентимиз яқинда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Жамиятда бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширар эканмиз, Ўзбекистон маърифатли ислом ғояларини чуқур ўрганиш ва уларни дунёга кенг тарғиб қилишни давом эттиради. Яқин ойлар ичида Тошкентда минтақада ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизатсияси маркази очилади. БМТда буюк аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотрудийларнинг бой маънавий ва илмий меросини тақдим этувчи махсус тадбир ўтказилиши режалаштирилган.”
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилган ушбу марказнинг мақсад ва вазифалари ҳақида иштирокчиларга маълумот берди. Шундан сўнг форум қатнашчилари учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари бўйлаб саёҳат ташкил қилинди. Меҳмонлар ва иштирокчилар Марказнинг Қуръони карим зали, Исломдан аввалги цивилизациялар, Биринчи ренессанс, Иккинчи ренессанс, Янги Ўзбекистон заллари бўйлаб ташкил қилинган экспозицияларни томоша қилишди. Марказнинг ташқи интерьери, кутубхона, болалар ҳудуди ва бошқа қисмлари билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг барча иштирокчилар 10 та шубада Марказ фаолиятини такомиллаштириш, экспозицияларни бойитиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Форум якунида махсус декларация қабул қилинди. Унда барча иштирокчилар мамлакатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси билан амалга оширилган ушбу йирик мегалойиҳа ниҳоятда юқори аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Форум иштирокчиларининг айримлари билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, мазкур марказнинг Ислом маданий меросини асрашда тутган ўрни хусусида суҳбатлашдик.
Ирина ОСМАНОВА, Давлат дин тарихи музейи Шарқ динлари бўлими катта илмий ходими (Россия, Санкт-Петербург):
– Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар мени бениҳоя ҳайратга солди. Ўзбекистондаги илмий ва маданий муассасалар билан узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши жуда катта ҳодиса бўлди. Сўнгги марта бу ерда март ойида бўлгандик. Аммо сўнги ярим йилда жуда катта тайёргарлик ишлари олиб борилганига амин бўлдик. Экспозициялар ҳам деярли тайёр. Биз катта таассурот остидамиз. Мен ушбу марказ экспозицияси учун Усмон Қуръонининг 1905 йилда Петербургда тайёрланган 50 адад факсимиле нусхасига бағишланган лойиҳани тақдим этгандим. Бизнинг лойиҳамиз аниқ равишда шу факсимиле нусхаларининг тарқалишининг виртуал харитасини яратишга қаратилган. Ҳозирги кунда 23 нусха маълум. Улар Петербург, Москва, Ўзбекистон, Берлин, АҚШ, Озарбайжон ва ҳатто БААда сақланади. Факсимиле нусхалар асл қўлёзмадан олинган бўлиб, у Ислом цивилизацияси марказининг Қуръон залида асосий экспонат сифатида сақланади.
Ламин Тамссаоут, Франция Миллий кутубхона қўлёзмалар бўлими тадқиқотчиси
–– Мен узоқ йиллардан бери Ўзбекистонни, аниқроғи, ислом дунёсининг марказини кўришни орзу қилиб келганман. Чунки Ислом маданиятининг маркази ёки цивилизация маркази дейилганда дарров Ўзбекистон кўз олдимизга келади. Тошкент, Самарқанд, Бухоро сингари шаҳарлар замонларнинг буюк кашфиётлари ва илми ютуқларини ўз бағрида сақлаб келмоқда. Ана шу сирларни жаҳонга ошкор этишда Ўзбекистон Президенти асос солган ушбу марказнинг ҳиссаси жуда катта бўлишига ишонаман. Ишонаманки, бу марказ бутун дунёдан санъат, маданият, илм-фан вакилларини жамлайдиган йирик масканга айланади. Бино ниҳоятда мўъжизакор тарзда қурилган. Ҳар бир бир нақш, ҳар бир безакка алоҳида эътибор қаратилган. Ички дизайн ва экспозициялар ҳам кишини ҳайратга солади. Ўзим санъатшуносман. Асосан миниатюралар билан шуғулланаман. Марказ залларида шарқ миниатюраси намуналаридан ўринли фойдаланилган. Кутубхона эса айниқса менга ёқди. Чунки у фақат китоблар билан таъминланиб қолмасдан, балки бугунги технологиялар асосида қурилган ва жиҳозланган. Бунга жуда ҳайрон қолдим ва сизлар бунинг уддасидан чиқишингизга ишонгандим, албатта.
Шодмон Воҳидов, тарих фанлари доктори, профессор, Панжакент Педагогика институти проректори (Тожикистон):
– Бугун бу Марказ орқали тарихга жуда катта тамал тоши қўйилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу марказнинг очилишидаги ташаббуси ва ғояси бутун ислом давлатлари вакилларини қувонтирди. Биз марказ музейининг Иккинчи Ренессанс даври бўлими юзасидан турли давлатлардан йиғилган халқаро экспертлар билан биргаликда фикр алмашдик. Экспозиция устида жуда катта меҳнат қилинган. Энг сара санъат асарлари, асл нусхадаги нодир артефактлар, бебаҳо қўлёзмалар келтирилган. Бу марказ Марказий Осиё халқларининг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган муносиб ҳиссаларини акс эттиришда катта аҳамиятга эга бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай бебаҳо масканни яратиш ғоясини илгари сурган ва уни амалга оширган Ўзбекистон Президентига, мазкур форум ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Шокир Саллоҳ, Ислом олами робитаси ташкилоти шуба директори (Саудия Арабистони):
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганимдан жуда фахрланаман. Бу марказни қуриш ташаббусини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саккиз йил аввали БМТ минбаридан эълон қилганида ҳам биз бениҳоя қувонган эдик. Ушбу марказ Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсига, умуман жаҳон ҳамжамиятига бебаҳо туҳфаси бўлди. Марказни катта ҳайрат ва завқ билан айланиб чиқдим. Марказ жуда чиройли, у йирик маърифий мажмуа бўлиб, бутун дунё учун очиқ экани бағоят қувонарлидир. Иншааллоҳ, бу масканга ҳали яна келаман ва бу ерда мавжуд бўлган ноёб экспонатлар билан янада чуқурроқ танишиб чиқаман. Чунки улар исломий мерос ва цивилизациянинг ҳақиқий намуналари ва уларнинг ҳар бири қанчадан қанча сирларни ўз бағрида яширган.
Женгиз Томар, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) директор ўринбосари (Туркия)