Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар

15:50 30 Сентябр 2025 Сиёсат
543 0

Фото: Даврон Эрназаров

Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонасида Туркманистон Мустақиллигининг 34 йиллиги, Халқ Маслаҳати йиғилиши ҳамда БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлари саммити натижалари бўйича учинчи конференциясига бағишланган брифинг ўтказилди.

Тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги, турли институтлар, республика туркман маданий маркази, оммавий ахборот воситалари, мамлакатимизда Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, мамлакат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган туркман талабалари иштирок этди. Брифингда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Шадурди Мередов, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий координатори Сабина Махл ва Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов нутқ сўзлади.

Брифингда сўзга чиққан элчи Шадурди Мередов Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида 2025 йил 19 сентябрь куни бўлиб ўтган Туркманистон Халқ Маслаҳатининг навбатдаги йиғилишида мамлакатни ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинганини таъкидлади. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов эса бир қатор тарихий аҳамиятга молик қарорларни, жумладан, “бетараф Туркманистоннинг тинчлик ва ишонч сиёсатининг ҳуқуқий асослари тўғрисида”ги Конституциявий қонунни ҳамда саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги лойиҳаларни имзолади.

Ўз нутқида элчи 27 сентябрь куни Туркманистон Мустақиллик кунини кенг ва тантанали равишда нишонлаганини таъкидлади. Суверен ривожланиш йиллари давомида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда сезиларли ютуқларга эришди, 2025 йилда ялпи ички маҳсулот 6,3 фоизга ўсди. янги иш ўринлари яратилди, йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. 2025 йилда 40 миллиард манатдан ортиқ капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда. Шу билан бирга, Туркманистон нефть ва газ секторини, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги лойиҳаларни ва ТАПИ газ қувури қурилишини ривожлантиришда давом этмоқда. Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб халқаро транспорт-логистика йўлакларини ривожлантиришга, шунингдек, Туркманбоши денгиз порти салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда.

2025 йил декабрь ойида мамлакат доимий бетарафликнинг 30 йиллигини нишонлайди. Туркманистон БМТдаги ташаббусларни, жумладан, “2025 йил – Халқаро тинчлик ва ишонч йили” резолюциясини фаол равишда илгари сурмоқда. Президент Сердар Бердимуҳамедов БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзга чиқиб, мамлакатнинг тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, транспорт, энергетика ва экология соҳаларида ҳамкорликка содиқлигини таъкидлади.

Тадбирда туркман-ўзбек икки томонлама алоқаларининг стратегик аҳамияти таъкидланди. 2025 йилда олий даражадаги тўртта ташриф амалга оширилди. Жорий йилнинг 8 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 700 миллион долларни ташкил этди, томонлар яқин йилларда уни 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. "Дошоғуз-Шовот" чегара савдо зонасини ишга тушириш ва Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларини тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Якунда элчи Туркманистон Президент Сердар Бердимуҳамедов бошчилигида жаҳон майдонида тинчликпарвар ва нейтрал давлат сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаб, барқарор ривожланиш йўлида ишонч билан давом этаётганини таъкидлади.

БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Сабина Махл хоним ўз нутқида жорий йилнинг 4-8 август кунлари “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси барқарор ривожланиш ва денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграцияси масалалари бўйича глобал мулоқотда муҳим босқич бўлганини қайд этди. У Туркманистоннинг транспорт, энергетика ва “яшил” иқтисодиёт бўйича халқаро кун тартибини шакллантиришдаги етакчи ролини таъкидлади, шунингдек, форумнинг юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдирди. Асосий натижа сифатида келгуси ўн йилликда халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган Аваза сиёсий декларацияси қабул қилинди. Форумда давлат раҳбарлари, 100 дан ортиқ мамлакат ва 50 га яқин халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов ўз нутқида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги тарих, маданият ва маънавий қадриятлар умумийлигига асосланган стратегик шерикликнинг аҳамиятини таъкидлади. Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар ишонч ва ҳамкорликнинг янги даражасига кўтарилгани алоҳида қайд этилди, шунингдек, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларнинг янада кенгайишига ишонч билдирилди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?