«Солиқ ҳамкор»: фуқароларга 706,5 миллион сўм мукофот тўланди

16:18 09 Июнь 2025 Жамият
125 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухорода «Солиқ ҳамкор» тизими орқали жорий йилнинг январь апрель ойларида солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида 1113 та мурожаат келиб тушган. Шу ҳақда хабар берган фуқароларга жами 706,5 миллион сўм мукофот тўланган. Бундан ташқари, вилоятдаги истеъмолчилар жорий йилнинг 29 май ҳолатида 3,7 миллиард сўм кешбекка эга бўлди. 200 дан ортиқ кам таъминланган оилага эса 12 фоиз ҚҚС (ижтимоий кешбек) қайтарилди.

«Солиқ маъмурчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашнинг Бухоро вилояти солиқ органлари фаолиятидаги натижалари» мавзуига бағишланган матбуот анжуманида ана шу алоҳида таъкидланди.

Матбуот анжуманида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Йўлдошев замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали фаолият самарадорлиги ва солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда тизимда инсон омилисиз бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, дастурларнинг ўзи солиқ тўловчиларнинг фаолиятини таҳлил қилган ҳолда тадбиркорларни «Барқарорлик рейтинги» доирасида тоифаларга бўляпти. Тадбиркорлик субъектлари ҳақидаги маълумотлар доимий равишда автоматлаштирилган тизим орқали таҳлил қилинмоқда ҳамда улар фаолияти белгиланган мезонларнинг ҳар бири бўйича рейтинг тизими асосида баҳолаб бориляпти.

Бир сўз билан айтганда, барқарорлик рейтинги бу тадбиркорнинг тўғри ва ҳалол фаолият юритиб, ўз-ўзига имконият эшикларини очиши, кўплаб солиқ имтиёзларидан фойдаланиб, фаолиятини ривожлантириши учун хизмат қилмоқда. Зеро, қонуний фаолият юритган тадбиркор доимо қонун ва давлат ҳимоясидадир.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?