«Сиз асло ёлғиз эмассиз»

13:38 05 Июнь 2025 Жамият
141 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». 2024 йилнинг декабри Бухоро туманидаги «Ойбек» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Шаҳноза Садирова ва унинг оиласи аъзолари учун оғир кечди. Кутилмаганда опанинг қизи, 17 ёшли Шаҳноза автоҳалокатга учради. Кома ҳолатига тушган қизга зудлик билан даволаш муолажалари ўтказилди. Оила ташвишига маҳалла-кўй, туман «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази жамоаси шерик бўлди.

— Қизимнинг орқа мияси шикастланган, юра олмайди, — дейди Шаҳноза опа. — Лекин аҳволи кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Баъзан бир оғиз ширин сўз ҳам дардингни енгил қилади. Эсимда, ижтимоий хизматлар марказидан келиб, «Опа, сиз асло ёлғиз эмассиз», дейишганида алланечук бўлиб кетганман. Оиламизни мушкул пайтда ёлғиз қолдирмай, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган барча-барчадан миннатдормиз.

Бизни шу маҳаллада яшовчи Шаҳризод Шокировнинг тақдири ҳам қизиқтириб қўйди. Гап шундаки, у болаликдан ногирон. Тумандаги 49-умумтаълим мактаби ўқувчиси саналади. Уйда таълим олади.

— Шаҳризоднинг аҳволидан илк бор хабарлашгани келганимда унинг ногиронлик аравачаси эскириб, яроқсиз бўлиб қолганини кўрдим, — дейди туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг маҳалладаги ходими Цитора Мирсолиева. — Бунинг устига бола ўз қобиғида қолган, тушкун ҳолда эди. Унга марказимиз томонидан электр юритмали аравача олиб берилди. Психологик хизмат кўрсатилди. Шаҳризоднинг шашка ўйнашга ва расм чизишга қизиқиши бор. Ундаги шу иштиёқни кучайтиришга эътибор қаратдим. Ҳозир туман миқёсидаги мусобақаларга қатнашяпти. Чизган расмлари ярмаркада сотилди. Муҳими, у одамларга, жамиятга кераклигини ҳис эта бошлади. Келажакда архитектор бўлиш ниятида.

— Туманимизда айни дамда 182 минг 400 киши истиқомат қилмоқда, — дейди марказ раҳбари Лазиз Ҳайдаров. — Маҳаллаларда 35 нафар ходимимиз фаолият олиб бормоқда. Биз ижтимоий ҳимояга эҳтиёжмандларга профессионал даражада хизмат кўрсатяпмиз. Умуман, аҳолига кўрсатилаётган хизмат турлари сони юздан зиёддир. Биз марказда ўзини Ойим Насимова дея таништирган мурожаатчи билан ҳам суҳбатлашдик.

— Ўғлим билан келиним олис ўлкаларга ишлагани кетишган, — дейди у. — Уларнинг розилиги билан тўрт нафар неварамни васийликка оляпман. Марказга мурожаат қилдим. Керакли ҳужжатларни тақдим этишим билан ишим нари борса бир ҳафтада битади.

Айтиш лозимки, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўлами тобора кенгаймоқда. Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда туман, шаҳарлардаги «Инсон» ижтимоий хизмат марказлари томонидан тизимли асосда йўлга қўйилган.

Президентнинг тегишли фармон ва қарорларига мувофиқ, бугунги кунда вилоят бўйича 30 та ижтимоий муассаса ҳамда 7 та Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Хизмат турлари сони 49 тадан 109 тага етказилди. Шунинг 71 турдагиси ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш, 16 турдагиси тушунтириш бериш, 22 турдаги эса реферал хизматлардан иборат.

Тизимдаги уруш ва меҳнат фахрийлари учун мўлжалланган санаторий фаолияти ҳам диққатга сазовор. Бу ерда дам олиш ва даволаниш учун замонавий қулайликлар яратилган.

— Ушбу санаторийда ўтган йилда ҳам даволаниб, ҳордиқ чиқаргандик, — дейди тошкентлик 68 ёшли Нурхўжа Дониёров. — Кампиримга ҳам, ўзимга ҳам жуда маъқул тушганди. Шу боисдан бу йил ҳам айнан, Бухорода дам олиб, саломатлигимизни тиклаш фикрига келдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?