Шамол электр станцияси ишга тушди

18:45 05 Июнь 2025 Жамият
267 0

Ғиждувон тумани марказидан 180 километр олисда жойлашган Оёқоғитма аҳоли пункти ҳудудида “Acwa Rower Bash Wina” шамол электр станцияси қурилиб, ишга туширилди.

Умумий қиймати 650 миллион АҚШ долларига тенг бу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 1,8 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Туманнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондирибгина қолмай, экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий газ истеъмолини камайтиришга хизмат қилади. Жумладан, йилига 500 миллион куб метр табиий газ тежалади.

  Туманда кейинги йилларда саноат корхоналари сони ошиб бормоқда. Улар ҳамда турли ташкилот ва аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби 300 меговаттни ташкил этади. Ваҳоланки, янги шамол электр станциясининг қуввати 500 меговаттдир.

  —Биздаги маълумотларга қараганда, бу йирик лойиҳани амалга ошириш осон кечгани йўқ, — дейди меҳнат фахрийси Р. Авезов. — 285 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилди. Бетон ишлаб чиқарувчи иккита линия барпо қилинди. 79 та замонавий шамол генераторлари ўрнатилди. 650 нафардан зиёд мутахассис мураккаб чўл шароитида меҳнат қилди. Шу ўринда юртимиз “яшил энергетика” салоҳиятини юксалтиришда, мазкур иншоотни барпо этишда Саудия Арабистони инвесторлари –“ Acwa Rower” компанияси тадбиркорларининг ҳиссаси катта эканини айтиш зарур.

Шамол электр станциясининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда инвесторлар, қурувчилар, туман масъуллари ва фаоллари, нуронийлар иштирок этди. Унда сўз олганлар Бухоро энергетикаси тарихидаги бу муҳим воқеа билан барчани қутлаб, йирик иншоот иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга, халқимиз турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилажагини таъкидлади.

Самад ДАМИНОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?