Рақамли иқтисодиёт кон саноатини янги босқичга олиб чиқмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Миллий иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқлари самарадорлигида рақамли технологиялар иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Айрим тармоқлар, хусусан, кончилик саноатида бу технологиялар мунтазам такомиллашиб, глобал интеграция жараёнларида ўз рақобатбардошлигини таъминлашни тақозо этаётганлиги ҳам бор гап.
Чунончи, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ манзилли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш натижасида геологик-қидирув ишларидан тортиб тайёр маҳсулотларни олишгача бўлган жараёнларнинг барчасида тўлиқ рақамлаштиришга эришилиши корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортишининг етакчи омилларидан бири бўляпти.
Айниқса, «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида 2020-2022 йилларда корхона тузилмаларини рақамли трансформация қилиш дастурида тасдиқланган лойиҳаларда автоматлаштирилган бошқарув тизимини қўллаган ҳолда, комбинатнинг янги фойдаланишга топширилган 2-гидрометаллургия заводининг 29- ва 30- тегирмонлари ҳамда 5-гидрометаллургия ва 7-гидрометаллургия заводларини рақамлаштиришнинг босқичма-босқич татбиқ этилиши иш унумдорлигини карраларга оширди.
Комбинат мутахассислари томонидан транспорт бошқаруви, ишлаб чиқариш, молия, кадрлар, моддий-техник таъминот, корхонанинг энергия ресурсларини назорат қилиш, режали таъмирлашни бошқариш, бухгалтерия ҳисоби каби йўналишларда 200 га яқин ишлаб чиқариш ва бошқариш вазифаларини бажарадиган 20 дан ортиқ ахборот тизимлари ишлаб чиқилган. Шунингдек, геологик қидирув маълумотларининг электрон базасини яратиш, конларнинг геологик тузилишини хариталаш, конларнинг ён бағирлари деформациясини олдиндан аниқлаш, захираларни ҳисоблаш ва кончилик ишларининг 3D-моделларини лойиҳалаштириш учун кон-геологик ахборот тизимлари жорий этилди.

— Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда бўлаётган барча жараёнларнинг ажралмас қисмидир, — дейди «НКМК» АЖ Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси бошлиғи Баҳодир Давлатов. — Ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларининг узлуксизлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун симли ва мобил алоқани таъминлаш, маълумотларни узатиш тармоқларини ташкил қилиш, компьютер ва тармоқ инфратузилмасини яратиш, технологик жараёнларни ахборот тизимлари ва автоматлаштирилган бошқариш тизимларини жорий этиш зарур. Бу иқтисодиёт учун катта фойда келтириш баробарида ишчилар учун қатор қулайликларни ҳам яратмоқда.
Бугунги кунда комбинатда транспорт ва механизмларни бошқариш сунъий йўлдош мониторинги «АТ» орқали амалга оширилади. Эндиликда соҳа мутахассислари томонидан транспорт логистикаси ва карьер паркини бошқариш, экскаваторлар ва бурғилаш қурилмаларини мониторинг қилиш ахборот тизимлари ишлаб чиқиш борасида ишлар якунланмоқда.
Комбинатнинг барча гидрометаллургия заводларидаги автоматлаштирилган бошқариш тизимлари рақамли технологияларга асосланиб, руда тайёрлаш, майдалаш, бойитиш каби технологик жараёнлар тўлиқ қамраб олинган. Хусусан, 2-гидрометаллургия заводини кенгайтириш, 3-гидрометаллургия заводида маҳаллий мутахассислар ихтироси самараси ўлароқ ишга тушган куйдириш цехи, янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. Бешинчи ва еттинчи гидрометаллургия заводларида ишлаб чиқаришни рақамлаштириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида «Кокпатас» ва «Довгизтов» конларининг қайта ишлаш қийин бўлган маъданларидан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш лойиҳаси энг йирик инвестицион лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Мазкур мажмуа ўзининг илғор муҳандислик-техник ечимлари, технологик жиҳозланиш даражаси билан ноёбдир. Бу жараёнда, албатта, комбинат муҳандислари ва олимларининг олиб борган илмий-тадқиқотларидан кенг фойдаланилди. Ҳамкорлар – дунёнинг соҳада етакчи компаниялари, жумладан, Германиянинг «Инжиниринг Доберсек» компанияси билан биргаликда мазкур корхона ишга туширилди. Мажмуанинг ишга туширилиши мамлакатимиз кон-металлургия саноати тарихида янги босқични бошлаб берди, десак, муболаға эмас. Мазкур мажмуа 3-гидрометаллургия заводига келтирилаётган хом-ашёдан фойдаланиш самарадорлигини 15 фоизгача, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 11 фоизга оширди.
Ушбу олтинни қайта ишлаш технологияси металлургия саноати учун ноёбдир ва ҳозирги кунда дунёда ягона. Жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Ишлаб чиқаришни бошқариш тизимини татбиқ этишнинг мураккаблигини жараёнга 500 дан ортиқ технологик ускуналар жалб қилинганлиги билан изоҳлаш мумкин. Масалан, насослар, фильтр пресслари, конвейерлар, грануляторлар, компрессорлар ва бошқа бир қатор қурилмалар тўлиқ рақамли технологиялар асосида бошқарилади. Автоматлаштириш жараёнида 1000 дан ортиқ назорат ва ўлчаш асбоблари ўрнатилган бўлиб, оптик толали алоқа линиялари ётқизилди.

— Ҳар қандай корхонада сунъий интеллектни жорий қилиш тўрт босқичдан ташкил топади, улардан биринчиси – ишлаб чиқариш линияларини ўзгартиришга техник тайёргарлик кўришдир, — дейди «НКМК» АЖ ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси бошлиғи Воҳиджон Пўлатов. — Шу мақсадда барча бўлинмаларда техник математик ҳисоблашларни амалга ошириш учун дастурий таъминот яратилган. Жумладан, 7-гидрометаллургия заводида ишлаб чиқариш тўлиқ рақамлаштирилди. Масалан, заводнинг Сорбентнинг десорбцияси ва қайта фаоллашуви жараёнида технологик қоидаларга риоя қилиш жуда муҳим ўрин тутади. Чунки тўйинган сорбент тортиб олинадиган металлдан тўлиқ тозаланиши ва унинг сорбцияланиш хусусиятини тиклаши керак. Рақамли тизим эса ҳарорат, босим, ишлов бериш ускуналарини тўлдириш даражаси ва материал сарфи каби параметрларни тўлиқ назорат қилади ва тартибга солади. Руда ташиш ва майдалаш механизмларини тезкор бошқариш руда тайёрлаш технологик жараёнининг самарадорлигини оширишга ва технологик ускуналарнинг фавқулодда тўхташ вақтини камайтиришга имкон беряпти.
Экспертлар йирик компанияларнинг келажакдаги муваффақияти ишлаб чиқариш роботлаштиришга, яъни рақамлаштирилган бошқарувга ўтишига боғлиқ бўлади, деб ҳисоблашмоқда. Бу борадаги технологик жараёнларни қўллаш тобора кенгайиб бормоқда ва борган сайин кўпдан-кўп ишланмалар ва тадқиқотларни талаб қилаяпти. Ҳозирда ҳукуматимиз томонидан «2022-2026 йилларга мўлжалланган «НКМК» АЖда рақамли технологияларни амалга ошириш» дастури доирасида келгусида ишлаб чиқаришга рақамли технологиялар жадал олиб кирилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, бугун инсон «сунъий интеллект» билан тенг ҳаракатланишга, унинг ёрдамида янгидан-янги ишларни рўёбга чиқаришга интилмоқда. Давлатларнинг куч-қудрати эса уларда «рақамли иқтисодиёт»нинг нечоғлик ривожлангани билан белгиланмоқда. Шундай шароитда Навоий кон-металлургия комбинатида илғор ахборот технологияларни фаол қўллаш, қўллаганда ҳам шунчаки эмас, балки ҳар бир жараёнда илм-фан ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштиришга қаратилаётгани бугунги эришаётган юқори натижаларга асос бўляпти. Муҳими, одамлар турмуш шароити яхшиланиб, катта-катта инновацион ишланмалар, истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг