Қорақалпоқ тилининг 34 йиллиги кенг нишонланди. Фоторепортаж

22:44 01 Декабрь 2023 Маданият
512 0

Фото: Акмал Муҳаммадов, «Халқ сўзи»

1 декабрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Қорақалпоғистон Республикаси давлат тили тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан Адиблар хиёбонидаги қорақалпоқ адабиётининг улкан намояндалари – Бердақ, Ибройим Юсупов, Тўлепберган Қайпбергенов ҳайкалларида адабий тадбирлар ҳамда уюшманинг катта мажлислар залида "Қорақалпоқ тили изоҳли луғати" ва "Ўзбекча-қорақалпоқча луғат" китоблари тақдимотига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Адиблар хиёбонида ёзувчи-шоирлар, олимлар, олий ўқув юрти ўқитувчи-талабалари жам бўлди. Дастлаб қорақалпоқ адабиётининг улкан намояндалари – Бердақ, Ибройим Юсупов, Тўлепберган Қайпбергенов ҳайкаллари пойида гул қўйиш маросими ўтказилди. Шундан сўнг, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат аграр университети жамоаси ўзларига бириктирилган адиблар ҳайкаллари атрофида  қорақалпоқ тили кунига бағишлаб, адабий-маърифий тадбир ўтказди.

Тадбирнинг асосий қисми Ёзувчилар уюшмаси тадбирлар залида кенг жамоатчилик иштирокида давом этди. Бино фойесида қорақалпоқ адабий ҳаётига доир суратлар ҳамда қорақалпоқ адибларининг китоблар кўргазмаси ташкил қилинди. Унда ўзбек ва қорақалпоқ мумтоз наволари жаранг сочди.

Тантали адабий кечани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Сирожиддин Саййид, Фанлар Академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов,  Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожидин Ҳожиматов кириш сўз билан очиб берди.

Тақдимот давомида "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевнинг “Қорақалпоқ ижодкорларининг ўзбек тилига таржима қилинган асарлари”, Амударё” журнали бош муҳаррири Халила Давлетназаров, шоира Гулнара Нурлипесованинг "Ўзбекча-қорақалпоқча луғат" ҳақида, тилшунос Нурлибай Алламуратов "Қорақалпоқ тили изоҳли луғати" китобининг аҳамияти хусусида қатор маърузалар тингланди.

Ўз вақтида қорақалпоқ шеърияти ва насри Миртемир, Абдулла Орипов, Шуҳрат, Муҳаммад Али, Азим Суюн, Ҳалима Худойбердиева, Маъруф Жалил, Ойдин Ҳожиева таржимасида ўзбек ўқувчисига етказилган.  Қорақалпоқ адабиёти бугунги кун ўқувчисига Отаули, Музаффар Аҳмад, Рустам Мусурмон, Орзиқул Эргаш, Янгибой Қўчқоров, Ғафур Шермуҳаммад каби таржимонлар меҳнати самараси ўлароқ тақдим этилмоқда.

Тадбир давомида таниқли санъаткорлар томонидан қорақалпоқ термалари ижро этилди. Кўтаринки руҳда ташкил этилган тантанали адабий кеча ижод аҳлига ўзгача илҳом бахш этди.

Фото: Акмал Муҳаммадов, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?