Қўқонда 1,5 млрд долларлик технопарк лойиҳалари бошланмоқда
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашув ўтказди.
Юзма-юз мулоқотда 40 нафардан зиёд тадбиркорнинг эркин иқтисодий зонада амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалари билан танишилди. Учрашув давомида лойиҳа ташаббускорларининг таклиф ва муаммолари эшитилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, вилоят раҳбарига «Қўқон» технопарки ҳудудида амалга оширилиши кўзда тутилган янги лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Тадбиркорлар томонидан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қуруқ меваларни қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, заргарлик савдо мажмуасини барпо этиш каби йўналишлардаги лойиҳалар тақдим этилди. Банк кредити ажратиш, электр ва газ таъминоти ҳамда ишлаб чиқариш учун ер майдони тақдим этиш билан боғлиқ масалалар тегишли раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилди.
— Корхонамизда болалар ва аёллар кийимларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш йўлга қўйилган, — дейди тадбиркор Муҳиддин Тиллабоев. — Айни пайтда 100 га яқин доимий иш ўрни яратилган. Бугунги мулоқотда фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида қўшимча ер ажратиш бўйича мурожаат қилдик ва масала ижобий ҳал этиладиган бўлди. Янги лойиҳага кўра, яна 200 та иш ўрни яратиш ҳамда ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлашни мақсад қилганмиз.

Учрашув якунида «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ва «Қўқон» технопаркида истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш, бу жараёнда тадбиркор ва инвесторларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 11–12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқларига мувофиқ, Қўқон шаҳрида махсус саноат зонаси — «Қўқон технопарки» ташкил этилмоқда. Технопарк учун ажратилган 230 гектар ер майдонида дастлабки босқичда 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 5 мингдан ортиқ юқори даромадли иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг