Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрининг янги биноси фойдаланишга топширилди

15:13 06 Ноябрь 2023 Жамият
353 0

Фото: “Халқ сўзи”

Қашқадарё вилоят қўғирчоқ театри 1994 йилда вилоят мусиқали-драма театри қошида ташкил этилган.

Ўтган йиллар ичида театр жамоаси йигирмадан ортиқ янги спектаклларни саҳналаштириб, болажонларга тақдим этди. Халқаро ҳамда республика миқёсидаги кўплаб танлов ва фестивалларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой эгаллашди. Жамоада яна янги-янги имкониятларни ишга солиш, катта марраларни забт этишга иштиёқ юқори. Бироқ театрнинг ўз биносига эга эмаслиги, турли мослаштирилган биноларда ижарада туриб фаолият юритаётгани маълум маънода жамоа имкониятларини чеклаётган эди.

Шу маънода Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги тегишли қарори асосида, 25 миллиард сўм маблағ эвазига қуриб битказилган муҳташам ва замонавий бино вилоят Қўғирчоқ театри жамоаси учун ҳам, театр ихлосмандлари учун ҳам қувончли воқеликка айланди.

— Бу ерда театр жамоасининг ўз ижодий фаолиятини амалга ошириши ҳамда болажонлар ва ота-оналарнинг спектаклларни мириқиб томоша қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди Қашқадарё вилоят қўғирчоқ театри директори Элбек Эшмуродов. — Хусусан, бинода 204 томошабинга мўлжалланган катта ҳамда 60 томошабин сиғимига эга кичик зал, актёрлар хонаси, ошхона, тиббий хизмат кўрсатиш хонаси ҳамда ходимлар учун офис хоналари мавжуд. Шунингдек, қўғирчоқ театри музейи учун алоҳида жой ҳозирланган.

Театрнинг янги биноси фойдаланишга топширилиши ҳақиқий маданият ва санъат байрамига айланиб кетди. Айниқса, таниқли санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари, шунингдек, қашқадарёлик ҳамкасбларини қутлаш учун ижро этилган кичик спектакллар тадбирга янада ўзгача завқу шавқ бағишлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер